Бир қатор олимлар сўнгги вақтларда дунёнинг аксар давлатларида амал қилаётган карантин режими – саноат корхоналари фаолиятининг тўхтатилиши, транспорт ҳаракатининг чекланиши экология манфаати учун хизмат қилиш мумкин, деган қарашни илгари суришмоқда. 

CNBC телеканали коронавирус пандемиясининг экологияга таъсири хусусида иқлимшунос мутахассисларнинг мулоҳазаларини тақдим этди.

«Инсон атроф-муҳитга бепарволарча муносабатини ўзгартиришга мажбур бўлади»

Стенфорд университети ассистент-профессори Маршалл Бурк, пандемия инсониятнинг табиатга бўлган муносабатини ўзгартириш учун сабоқ беради, деб ҳисоблайди.

– Касаллик, ўлимлар иқтисодий беқарорликни келтириб чиқаряпти, соғлиқни сақлаш соҳасига жиддий таъсир қиляпти. Aммо биз бу жараённи бошқара олмаймиз. Пандемия оқибатида иқтисодий, ижтимоий ва тиббий соҳадаги харажатлар борган сари катталашиб бораверади. Биз ҳозирги вазият бизга қандай сабоқлар беришини ўйлашимиз керак.

Маршалл Бурк, Стенфорд университети ассистент-профессори
Фото: stanford.edu

Карантин даврида инсон фаолиятининг аксарият кўринишларида масофавий ишлаш тизими жорий қилинди. Ва бу яхши. Транспортдан заҳарли газларнинг ишлаб чиқариш қисқарди. Тажрибамдан келиб чиқиб айта оламанки, технологиялардан фойдаланиб ишни масофавий режимда ташкил этиш фақатгина фойдага хизмат қилади.

Завод ва фабрикалар фаолиятини, транспорт ҳаракатини қатъий назоратга олиш пандемия билан курашда ўзининг ижобий самарасини беряпти. Атмосфера ҳавосини яхшилаш каби долзарб масалада ҳам шу каби кескин чораларни кўриш орқали натижага эришиш мумкин.

Ўз соғлигининг қадрини тушуна бошлаган инсон атроф-муҳитга бўлган бепарволарча муносабатини ўзгартиришга, зарарли одатларни қисқартиришга мажбур бўлади.

«Эҳтиёжларни қисқартириб ҳам яшашда давом этиш мумкин»