Сўнгги маълумотларга кўра, АҚШда Covid-19 оқибатида вафот этганларнинг жами сони 21,4 мингдан ошди, жами зарарланиш ҳолатлари 535 мингдан ортиқни ташкил этмоқда. Бир кун олдин АҚШ бир кунда икки мингдан ортиқ бемор вафот этган дунёдаги илк давлат бўлганди.
12 апрель ҳолатига кўра, бутун дунёда Covid-19’дан зарарланиш билан боғлиқ жами ҳолатлар сони 1,8 миллиондан ошган, 112 мингга яқин киши вафот этган, 416 мингдан ортиқ бемор соғайган.
Нью-Йорк штати губернатори Эндрю Куомонинг сўзларига кўра штатдаги ўлим даражаси эндиликда аввалгидек кескин суръатларда ўсмаяпти. Сўнгги бир кунда Нью-Йоркда коронавирус яна 783 киши ҳаётига зомин бўлди, бу сўнгги кунлардаги статистикадан кўп фарқ қилмайди.

«Бу ўлимлар сони бўйича рекорд кўрсаткич эмас. Кўриб турганингиздек, ўлимлар сони барқарорлашмоқда, аммо бу барқарорлик жуда даҳшатли рақамларда ифодаланмоқда», деган Куомо.
Шанба куни кечқурун Американинг барча штатларида коронавирус пандемияси туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Шу ҳафтада Нью-Йоркда коронавирус қурбонлари жуда кўплиги туфайли марҳумлар биродарлик қабристонига дафн этилаётгани хабар қилинганди.
Пандемия туфайли бутун мамлакат бўйлаб ижтимоий муносабатларда қатъий чекловлар ўрнатилган, президент Дональд Трамп бундай чоралар камида 30 апрелгача амалда бўлишини маълум қилган. Кўплаб саноат корхоналари ишламай қолиши ва мамлакатдаги иқтисодий вазият оғирлашиши туфайли бир неча ҳафта ичида камида 16 миллион америкалик ишини йўқотди.
«Энг муҳим қарор»
Жума куни президент Трамп кейинги ҳафтада янги кенгаш тузилиши, унинг таркибидан тиббий ходимлари ва бизнес вакиллари ўрин олиши ҳақида айтди: бу орган унга бу чекловларни қачон юмшатиш бўйича қарор қабул қилишда ёрдам бериши керак. АҚШ президенти «бу ҳаётидаги энг муҳим қарор бўлиши» ҳақида айтиб ўтди.

Бу вақтда АҚШ конгресси жабрланган компанияларга ёрдам бериш чораларини муҳокама қилмоқда. Демократлар кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш ва шифохоналар ҳамда маҳаллий бошқарув органларини молиялаштириш учун қўшимча 250 миллиард доллар ажратишни таклиф қилмоқда. Аммо шанба куни таниқли республикачилар - Сенатдаги республикачилар етакчиси Митч Макконнелл ва Вакиллар палатасидаги республикачилар етакчиси Кевин Маккарти бу ғояга қарши чиқишди.
















