Ўзбекистон | 11:55 / 13.04.2020
7566
7 дақиқада ўқилади

Мактаблар, олий таълим муассасалари, барча вазирлик ва идораларда фитобарлар ташкил этилади

2020 йил 1 майдан бошлаб доривор ўсимликларни етиштириш, сақлаш, бирламчи ёки чуқур қайта ишлаш кластерларини ташкил этиш, шунингдек, ҳудудларни доривор ўсимликлар етиштириш бўйича ихтисослаштириш тўғрисидаги таклифлар маъқулланди

Фото: Getty Images

Ўзбекистон Республикаси президенти “Ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг 2020 йил 1 майдан бошлаб доривор ўсимликларни етиштириш, сақлаш, бирламчи ёки чуқур қайта ишлаш кластерларини ташкил этиш, шунингдек, ҳудудларни доривор ўсимликлар етиштириш бўйича ихтисослаштириш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Доривор ўсимликларни етиштиришга ихтисослаштириладиган ҳудудлар рўйхати тасдиқланди.

Белгилаб қўйилишича:

а) доривор ўсимликлар кластерига ер майдони Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ва ташаббускорлар ўртасида тузиладиган битим асосида ажратилади;

б) хорижий инвесторлар иштирокида ташкил этиладиган доривор ўсимликлар кластерига ер майдони Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, ўрмон фонди ерларида эса Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан тузиладиган инвестиция киритиш тўғрисидаги шартнома имзолангандан сўнг Вазирлар Маҳкамаси томонидан ажратилади.

Бунда, доривор ўсимликлар кластерларига ер майдони доривор ўсимликлар етиштиришга мос бўлган, юридик ва жисмоний шахсларга ажратилмаган ва қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлардан, захирадаги ерлардан, шунингдек, лалми ва ўрмон фонди ерларидан ажратилади;

в) доривор ўсимликлар кластерини ташкил этадиган ташаббускор томонидан тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

доривор ўсимликлар кластерини ташкил этиш бўйича ариза;

доривор ўсимликлар кластери фаолиятини ташкил этишда доривор ўсимликларни етиштириш, муҳофаза қилиш, қайта ишлаш ва ресурс тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан бизнес-режа ёки техник-иқтисодий асоснома;

доривор ўсимликлар кластерининг фаолият юритиши учун зарур инфратузилма объектлари (фойдаланиш ҳуқуқи асосида), шунингдек, мол-мулк ва бошқа воситаларнинг мавжудлиги ҳақида маълумотнома.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ҳокимлари доривор ўсимликлар кластерларини ташкил этишда иқтисодий жиҳатдан барқарор фаолият юритаётган, зарур инфратузилма объектлари, шунингдек, мол-мулк ва бошқа воситаларга эга бўлган салоҳиятли юридик шахсларни танлаш ва шакллантиришга шахсан масъул ҳисобланади.

 

Қуйидагилар доривор ўсимликлар кластерининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

доривор ўсимлик етиштирувчилар билан етиштирилган маҳсулотни харид қилиш бўйича шартномалар тузиш, уларни уруғлик, минерал ўғитлар, техника, ёқилғи ва бошқа воситалар билан таъминлаш;

ихтисослаштирилган ҳудудларда доривор ўсимликларни етиштириш, уруғликлар ва кўчатлар тайёрлаш, босқичма-босқич замонавий доривор ўсимликлар плантациялари ташкил этиш;

доривор ўсимликларни етиштириш ва уруғчилигини ташкил этишда илғор илм-фан ютуқларини қўллаш;

доривор ўсимликлар етиштириш ва уларни қайта ишлаш бўйича халқаро ташкилотлар билан ўзаро фаол ҳамкорлик қилиш ва соҳага босқичма-босқич инновацион ечимлар (ноу-хау) жорий этиш;

доривор ўсимликлар етиштириш ва уларни қайта ишлашга хорижий компанияларнинг инвестициялари ҳамда илғор технологияларини жалб қилиш;

доривор ўсимликлар ва улардан олинадиган маҳсулотларга бўлган ички бозор талабини қондириш ҳамда уларни экспорт қилиш;

тажриба ва маълумотларнинг доимий алмашинувини ташкил этиш орқали ушбу йўналишдаги хорижий илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, халқаро тадқиқот дастурлари, анжуманлар ва симпозиумларда иштирок этиш.

Белгиланишича:

а) доривор ўсимликлар плантациялари ресурс тежовчи технологияларни қўллаган ҳолда, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида ажратиладиган, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан барпо этилади;

б) доривор ўсимликлар кластерларига:

ер майдонларини фойдаланишга киритишда президентнинг 2019 йил 17 июндаги “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5742-сон фармонида;

қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари, энергия самарадоргаз-горелкали қурилмалар ва қозонлар, шунингдек, энергия самарадор бошқа ускуналарни харид қилишда президентнинг 2019 йил 22 августдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–4422-сон қарорида;

қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилишда президентнинг 2019 йил 4 апрелдаги “Аграр секторни қишлоқ хўжалиги техникалари билан ўз вақтида таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–4268-сон қарорида назарда тутилган имтиёзлар татбиқ этилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг доривор ўсимликлар кластерлари, доривор ўсимликлар етиштирувчилар ва уларни қайта ишловчилар томонидан 2023 йил 1 январга қадар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат бўйича олиб келинадиган хомашё, шу жумладан, маданий плантациялар барпо этиш учун уруғ ва кўчатларни, ускуналар ҳамда махсус техникаларни, шунингдек, фитобарлар учун вендинг автоматларини божхона божидан озод қилиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Бунда, вендинг автоматлари фақат фитобарлар ташкил этиш учун, божхона имтиёзлари берилиши ҳисобидан бўшайдиган маблағлар ишлаб чиқаришни техник қайта жиҳозлаш ва модернизация қилишга мақсадли йўналтирилади.

Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб 2025/2026 ўқув йилига қадар ўрта, ўрта махсус ва олий таълим тизимида доривор ўсимликларга оид махсус соатларни ўқув режаларига киритади;

2020/2021 ўқув йили бошлангунга қадар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда ўқув дастурлари, дарсликлар ва қўлланмаларга доривор ўсимликлар ҳақида маълумотлар киритилишини таъминлайди;

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб мактаб ва олий таълим муассасаларида фитобарлар ташкил этади.

Вазирлар Маҳкамаси 2020 йилнинг 1 июнидан бошлаб босқичма-босқич барча вазирлик ва идораларда, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти ҳамда маҳаллий аэропортларда, барча турдаги автовокзал, темир йўл вокзалларида, бозорлар, санаторий-курорт муассасаларида ҳамда бошқа аҳоли гавжум жойларда фитобарлар ташкил этиш чораларини кўради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид