Табиий ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш ва маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланишни интеграциялаш чора-тадбирлари қабул қилинади.
Муҳокама учун эълон қилинган президент қарори лойиҳасига кўра, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Инновацион ривожланиш вазирлигининг 2020 йилдан бошлаб доривор ўсимликлар етиштириш, сақлаш, бирламчи ёки чуқур қайта ишлаш кластерларини ташкил этиш;
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлашни ривожлантириш илмий-инновацион маркази ҳамда унинг таркибида замонавий халқаро стандарт талабларига мос лабораторияни ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланиши мумкин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоят ҳокимлари:
доривор ўсимликлар кластерларини ташкил этишда иқтисодий жиҳатдан барқарор фаолият юритаётган, зарурий инфратузилма объектлари, шунингдек, мол-мулк ва бошқа воситаларга эга бўлган салоҳиятли юридик шахсларни танланишига;
ташкил этилаётган кластерларга тупроқ-иқлим шароитлари, сув таъминоти, ички ва ташқи бозорлардаги талабларини инобатга олган ҳолда доривор ва зиравор ўсимликлар жойлаштиришга мос ер майдонлари ажратилишига шахсан жавобгар эканлиги қайд этилган.
Марказнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:
тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда республикада мавжуд доривор ўсимликлар генофондини сақлаб қолиш, ноёб доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, уларни плантацияларда кўпайтириш, доривор ўсимликлар таркибини аниқлаш ва тайёр маҳсулотларни сертификатлаш ишларини самарали ташкил этиш;
тиббиётда расмий қўлланиладиган доривор ўсимликлар коллекция участкаси ва генбанкини ташкил этиш;
доривор ва зиравор ўсимликларни етиштиришга доир технологик хариталар ва тавсияномалар ишлаб чиқиш;
доривор ва зиравор ўсимликлар ва улар асосидаги биологик фаол қўшимчаларни сертификатлаш ҳамда доривор ўсимликлар етиштирувчи, қайта ишловчи ва бошқа субъектларга пуллик хизматлар кўрсатиш;
илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш ва ўтказишда лаборатория синовларини амалга ошириш;
клиник олди синовларни ўтказиш учун белгиланган тартибда виварий ташкил этиш;















