Жамият | 14:29 / 13.04.2020
12490
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда интернет орқали пневматик тўппонча сотишга уринган шахсга чора кўрилди

Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари интернет тармоқлари орқали ноқонуний тарзда пневматик тўппонча сотувининг олдини олишди

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати

Тошкент шаҳар ИИББ ходимларининг эътиборини Telegram гуруҳлардан бирида пневматик қурол сотуви таклифи ўзига тортди, деб ёзмоқда ИИББ ахборот хизмати.

Қайд этилишича, жорий йил 9 апрель куни эълон муаллифига учрашиш таклиф қилинган. У рози бўлган. Тез орада 35 ёшли С.Р. Туркияда ишлаб чиқарилган EKOL ES 66 русумли травматик тўппончани 200 АҚШ доллари ва 200 000 сўм эвазига сотмоқчи бўлганида қўлга олинган.
 
Суҳбат давомида аниқланишича, С.Р. Россия Федерациясида ишлаб чиқарилган тўртта ов қуроллари ҳамда Туркияда ишлаб чиқарилган учта травматик тўппончалар учун рухсатга эга бўлган. Дастлабки текширув вақтида қурол вақтинча олиб қўйилди.  

Текширув натижаларига кўра С.Р.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54- (“Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш”), 183- (“Майда безорилик”) ва 194- (“Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик”) моддаларига мувофиқ чора кўрилди.

Интернет тармоғи орқали ноқонуний қурол сотиш фактларини аниқлаш бўйича ишлар давом этмоқда, дейилади маълумотда.

Мавзуга оид