Ўзбекистон | 14:11 / 14.04.2020
57708
2 дақиқада ўқилади

Миллий гвардия қўмондонига янги ўринбосарлар тайинланди

ИИВ Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи полковник Бекмурод Абдуллаев Миллий гвардия қўмондонининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича биринчи ўринбосари бўлди. Шунингдек, Мамиржон Ғаниев ва Сарвар Мамаюсупов қўмондон ўринбосарлари этиб тайинланган.

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясида янги лавозим тайинловлари амалга оширилди.

Миллий гвардия матбуот хизмати хабар беришича, полковник Бекмурод Тожимирзаевич Абдуллаев Миллий гвардия қўмондонининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.

Бекмурод Абдуллаев (Фотода ўртада)

Бекмурод Абдуллаев 2019 йил ноябрида полковник Бахтиёр Пормонов ўрнига Ички ишлар вазирлигининг Патрул пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш Бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланганди.

Шунингдек, полковник Мамиржон Жамолиддинович Ғаниев Миллий гвардия қўмондонининг ўринбосари – Қўриқлаш бош бошқармаси бошлиғи лавозимини эгаллади. Мамиржон Ғаниев шу вақтгача Ўзбекистон Республикаси президенти қошидаги Хавфсизлик кенгаши аппаратида сектор мудири лавозимида ишлаб келаётганди.

Полковник Сарвар Деҳқонбоевич Мамаюсупов Миллий гвардия қўмондонининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида иш бошлади. У муқаддам Мудофаа вазирлиги тизимида ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 март куни генерал-майор Рустам Жўраев Миллий гвардия қўмондони лавозимини эгаллади.

Мавзуга оид