Жамият | 00:09 / 14.04.2020
79967
3 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятидаги полигонда карантинда сақланганларнинг 18 нафарида коронавирус аниқланди

Юқори Чирчиқ карантин полигонида карантинда сақланган 18 нафар фуқарода 13 апрель куни COVID-19 аниқланган, шу сабабли улар махсус клиникаларга ётқизилган. Бу ҳақда Kun.uz’га Тошкент вилояти ҳокими матбуот котиби Беҳзод Қобулов хабар берди.

Фото: TASS/dpa/picture-alliance/Marcel Kusch

“2020 йил 13 апрель ҳолатига кўра, санатория, лагер ва полигонларда жами 8344 нафар фуқаро карантинга олинган. Хусусан, Юқори Чирчиқ карантин полигонида 7579 нафар, Чирчиқ ҳарбий полигонида 565 нафар, Қибрай туманидаги “Бўстон” санаториясида 200 нафар шахс изоляцияда сақланмоқда.

Юқори Чирчиқ карантин полигонидан 14 кунлик карантин муддати тугаган 384 нафар фуқарога уйларига рухсат берилди. 18 нафар фуқаро COVID-19 тасдиқланганлиги сабабли махсус клиникаларга ётқизилди. Қуйи Чирчиқ тумани туғруқ комплексидан 14 кунлик карантин муддати тугаган 2 нафар фуқарога уйига рухсат берилди.

13 апрель куни Ғишткўприк чегара постидан ўтган 151 нафар фуқаро Юқори Чирчиқ карантин полигонига юборилди. У ерга қўшимча равишда 10 нафар  ҳамшира, 10 нафар кичик тиббиёт ходимлари сафарбар этилди”, дея Беҳзод Қобуловнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Унинг айтишича, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Тошкент вилояти филиалида 269, Қибрай туман юқумли касалликлар шифохонасида 85, Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази вилоят филиалида 68, ушбу марказнинг Чирчиқ шаҳар филиалида 71, Оққўрғон юқумли касалликлар шифохонасида 40, Чирчиқ шаҳридаги “Дилчеҳра” хусусий клиникасида 28, Пискент юқумли касалликлар шифохонасида 17, Тошкент туманидаги 21-қишлоқ оилавий поликлиникаси филиалида 11, Қуйи Чирчиқ тумани туғруқ комплексида 8, Зангиота юқумли касалликлар шифохонасида 4 нафар, жами 682 нафар фуқаро карантинга олинган.

“Вилоятда жами 9026 нафар фуқаро стационар шароитда карантинга олинган. Уй шароитида 3358 нафар фуқаро карантинга олинган бўлиб, бунда хонадонлар сони 704 та, оилалар сони 743 тани ташкил этади.

Шу пайтгача Тошкент вилоятида доимий рўйхатда турган фуқароларнинг 68 нафарида коронавирус касаллиги тасдиқланган. Вилоятда доимий рўйхатда турувчи беморлар сони 84 нафарни ташкил этмоқда. Уларнинг барчаси Тошкент шаҳридаги клиникаларда даволанмоқда.

Вилоят бўйича карантинда сақланаётган фуқароларга хизмат кўрсатиш учун 220 нафар терапевт, 139 нафар реаниматолог, 88 нафар инфекционист, 151 нафар эпидемиолог, жами 598 нафар шифокор, 5178 нафар ўрта ва кичик тиббий ходими жалб этилган”, дейди Беҳзод Қобулов.

Мавзуга оид