Ўзбекистон | 14:07 / 15.04.2020
8061
2 дақиқада ўқилади

Стикерда белгиланган ҳудуддан ташқарига чиқилса, жарима қўлланади – Адлия вазирлиги

Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева коронавирусга қарши кураш штабида бўлиб ўтган навбатдаги брифингда келиб тушган саволларга жавоб берди

Жумладан, ишхонаси Тошкент шаҳрида, уйи Қибрай туманида бўлган фуқаро машинасига стикер олганида «Шаҳар ичида» бўлимини танлагани, энди эса постдан ўтишда ИИБ ходими унинг стикери шаҳар ҳудудида фойдаланишга чиқарилгани учун кейинги сафар постдан ўтса жарима қўллашини айтгани ҳақида баён қилиб, бу талаб қанчалик тўғрилиги, стикерни алмаштириш имконияти ҳақида сўраган.

«Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 8 апрелдаги қарорига асосан, 2020 йил 9 апрелдан бошлаб автотранспорт воситалари ҳаракатланишига давлат хизматлари марказлари томонидан махсус рухсатнома бериш тўхтатилди. Бунда автотранспорт воситаларига мазкур санага қадар тақдим этилган рухсатномалар асосида ҳаракатланиш ҳуқуқи сақлаб қолинди. Махсус рухсатномалар фақат кўрсатилган йўналишлар учун амал қилади. Стикерда белгиланган ҳудуддан ташқарига чиқилса, жарима қўлланади», дейди вазирлик вакили. 

Брифингда короновирусдан тузалган ёки карантинда бўлган шахсларни камситган шахсларга нисбатан қонунчиликда қандай жавобгарлик белгилангани ҳақидаги саволга жавоб қайтарилди.

«Конституциямизга кўра, ҳеч ким инсон қадр-қимматини камситувчи тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас. Ҳар бир фуқаро ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан қонун билан ҳимояланган.

Короновирусдан тузалган ёки карантинда бўлган шахсни ҳақорат қилганлик, шаъни ва қадр-қимматига путр етказганлик, камситганлик учун 9 млн сўмгача маъмурий жарима белгиланган.

Агар, маъмурий жазо қўлланганидан сўнг ушбу қилмиш такроран содир этилса, шахс жиноий жавобгарликка торилади. Бу масала бугунгача ҳам бўлган, ҳеч қанақа янги қонун қабул қилинмаган», дейди Севара Ўринбоева.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид