Жаҳон | 08:24 / 15.04.2020
13822
2 дақиқада ўқилади

Хитойда янги машина сотиб олиш учун қўшимча пул тўлаш бошланди

Субсидиялар миқдори 1400 долларгача етади

Фото: motor.ru

Коронавирусдан зарар кўрган Хитой автосаноати аста-секин ишга қайтяпти, аммо сотувлар ҳали ҳам анча паст даражада. CNN маълумотларига кўра, олдинги йилларда мамлакатда дастлабки уч ойда олти миллионгача автомобиль сотилган бўлса, 2020 йилда бу рақам 3,7 миллионни ташкил қилди. Савдонинг ривожланишига туртки бериш учун провинциялар раҳбарлари янги имтиёзларни, шу жумладан автомобиль сотиб олиш учун тўғридан-тўғри тўловларни жорий қила бошладилар.

Хитой автомобиль ишлаб чиқарувчилар уюшмасида (CAAM) таъкидлашича, биринчи навбатдаги вазифа - савдони COVID-19 эпидемияси бошланишидан олдин қайд этилган кўрсаткичларга қайтариш. Бунинг учун провинциялар ва шаҳарлар раҳбарлари мавжуд рағбатлантириш дастурларидан фойдаланиши, шунингдек янгиларини жорий этиши мумкин. Хусусан, Пекин уланувчи гибридлар ва электромобилларни сотиб олувчилар учун имтиёзлар муддатини узайтирди, баъзи муниципалитетлар эса мижозларга қўшимча пул тўлашни таклиф қилишди - тўғридан-тўғри субсидиялар киритилди, уларнинг миқдори 1400 долларгача етади.

Хитой автодилерлар ассоциацияси ўз тадқиқотини ўтказди ҳамда шоурумларнинг фойдаси 34 фоизга камайганини аниқлади. Бу, ўз навбатида, ўртача ялпи даромадга таъсир қилди - у 36 фоизга пасайди. Бундан ташқари, ушбу пасайиш нафақат автомобиллар сотуви, балки хизмат кўрсатиш, шунингдек эҳтиёт қисмлар савдоси учун ҳам характерли. Ҳозирда уларнинг даромади одатдаги кўрсаткичларнинг атиги 67 фоизини ташкил этади.

Февраль ва март ойларида Хитойда янги автомобиллар савдоси мос равишда 80 ва 40,8 фоизга тушиб кетди. I чорак натижалари ўтган йилга нисбатан 42 фоизга паст бўлди, деб хабар қилмоқда CAAM.

Мавзуга оид