Президентнинг “Ўзбекистон Республикасида суриштирув ва дастлабки тергов органларининг фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони лойиҳаси эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Давлат хавфсизлик хизмати:
а) Ички ишлар вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда 2021 йилнинг 1 январига қадар:
жиноятга оид ариза, хабар ва бошқа маълумотларни қайд этиш тартибини электрон тизимга ўтказиш, шу жумладан жиноят иши қўзғатиш рад этилган материалларнинг ягона ҳисобини юритиш тизимини яратиш;
терговчиларнинг хоналарини видеокузатув воситалари билан жиҳозлаш;
бедарак йўқолган, шахси номаълум мурдалар ҳамда қидирувдаги шахслар ҳақидаги маълумотлар алмашинуви тизимини яратиш мақсадида Ягона электрон дастурни ишлаб чиқиш чораларини кўради;
б) Молия вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 мартга қадар синов тариқасида илғор хорижий давлатларнинг тажрибасини инобатга олган ҳолда Тошкент шаҳар прокуратураси ва Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармасида махсус тергов хоналарини ташкил этади;
в) 2021 йил 1 октябрга қадар махсус тергов хоналарини жорий этиш синовлари натижаларидан келиб чиқиб, бундай хоналарни республиканинг бошқа ҳудудларида босқичма-босқич жорий этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси президенти администрациясига таклифлар киритади.
















