Қарор билан Тошкент давлат шарқшунослик институти негизида Тошкент давлат шарқшунослик университети ташкил этилди.

Белгиланишича, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб:

  • университетга таълим стандартларини ишлаб чиқиш, малакавий талаблар, ўқув режалари ва дастурларини, шунингдек, илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда талабаларнинг билимини баҳолаш ҳамда ўқув жараёнининг амалиёт билан интеграциялашувини таъминлаш тизимини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳуқуқи берилади;
  • университетда таълим жараёни босқичма-босқич кредит-модуль тизими асосида амалга оширилади;
  • хорижий ОТМлар билан ҳамкорликда ташкил этиладиган қўшма таълим дастурларининг ўқув режалари ва фан дастурлари ТДШУ томонидан хорижий ҳамкорлар билан келишилган ҳолда мустақил тасдиқланади;
  • университетда шарқ тиллари ўқитиладиган таълим муассасалари ўқитувчилари учун доимий фаолият юритувчи қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари ташкил этилади ҳамда курслардан муваффақиятли ўтган педагог кадрларга белгиланган намунадаги сертификат берилади.

2020/21 ўқув йилидан бошлаб, университетга ўқишга қабул қилишда шарқ тилларидан (турк, араб, форс, дари, ҳинд, урду, хитой, корейс, уйғур, япон тиллари) топшириладиган кўп балли тизим бўйича имтиҳонлар ўрнига тест синовлари ўтказилиши йўлга қўйилади.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб эса ушбу тажриба бошқа тиллар (испан, итальян, тожик, қозоқ, туркман, қирғиз тиллари ва бошқалар) бўйича республикадаги барча давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда жорий этилади.

ТДШУ ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтаётганини ҳисобга олиб, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб:

  • профессор-ўқитувчиларнинг ўқув юкламасини илғор хорижий тажриба асосида қайта кўриб чиқади ҳамда уларнинг иш фаолиятини дарсларга сифатли тайёргарлик кўришга ва илмий салоҳиятини кучайтиришга қаратади;
  • илмий лойиҳаларни бажариш жараёнига иқтидорли талабалар, магистрантлар ва докторантларни жалб қилишни кенгайтиради;
  • иқтидорли талабалар, магистрантлар ва докторантларнинг илмий, инновацион ва стартап лойиҳаларини танлов асосида молиялаштириш чораларини кўради;
  • факультетлар таркиби ва кафедралар йўналишларини кўриб чиқсин ҳамда уларнинг фаолиятини етакчи хорижий ОТМлар тажрибаси асосида қайта ташкил этади;
  • таълим сифатини ошириш, ўқув ва илмий фаолиятни илғор хорижий тажриба асосида ташкил этиш мақсадида нуфузли хорижий олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари иштирокида онлайн курслар, маърузалар ва маҳорат дарсларини мунтазам ташкил этади;