1. Ҳолатни қабул қилинг

Энг очиқ-ойдин, аммо оғир йўл. Сиз нохуш эпидемиологик вазиятни шахсан барқарорлаштира олмайсиз. Ва мижозларингизга уйдан чиқишни тақиқлайдиган кўрсатма ва қонунларни бекор қилолмайсиз. Аммо ўз кучингиз ва асабингизни ваҳимага сарфлашдан тийилишга қодирсиз. Ҳиссиётлар оғушида қарор қабул қилиш – ҳар қандай бизнеснинг ашаддий душманидир. Яхшиси жаҳл ва бошқа босқичлардан дарҳол воз кечиб, қабул қилиш босқичига ўтиш керак: чунки ундан барибир қочиб қутулолмайсиз.

Вазият сиз учун бизнеснинг барча тизимларини кучли синовдан ўтказувчи ўзига хос стресс-тестга айланади. Агар сиз ҳозир ишни тўхтатиб, бўроннинг тинчишини кутадиган бўлсангиз, кейинчалик ҳар қандай ҳолатдан хулоса чиқара оладиган, қийинчиликлардан қўрқмайдиганлар билан рақобатлашишга тўғри келади.

2. Қайси харажатларни қисқартириш мумкинлигини ўйлаб кўринг

Кенг кўламли инқироз сабабли одамлар кам сарфлай бошлайдилар. Демак, ҳеч қандай чора кўрмасангиз, фойдангиз барқарор равишда пасая бошлайди.

Фойда – даромад ва харажатлар орасидаги фарқдир. Демак, қилмаган харажатларингиз капиталингизни кўпайтиради. Бизнесингиз нималардан воз кеча олиши ҳақида ўйлаб кўринг.

Масалан:

  • пуллик дастур таъминоти, уларнинг бепул муқобиллари ҳам бўлиши мумкин;
  •  катта реклама харажатлари;
  •  аутсорсингга топширилаётган вазифалар;
  •  таъминотчилар билан тўғридан-тўғри эмас, балки дистрибьюторлар орқали ишлаш;
  •  ходимларни рағбатлантирувчи тўловлар;
  •  ходимларни ўқитиш харажатлари. Улардан тўлиқ воз кечиш шартмас, балки бепул турларини топиш мумкин;

3. Ходимларингиз хавфсизлигини таъминланг

Бутун дунё қўрқаётган COVID‑19 ҳақиқатдан ҳам хавфли. Агар мижозлар билан онлайн эмас, бевосита яқин алоқада ишлайдиган бўлсангиз, уларнинг ва ходимларингизнинг хавфсизлигини таъминлаш – сизнинг вазифангиз.

Масалан, агар дўконингиз бўлса, пештахта юзаларини, эшик тутқичларини мунтазам дезинфекция қилиш, савдо залидаги одамлар сонини чеклаш, полларни нам латта билан артиб туриш, имкони борича тўловларни нақдсиз қабул қилиш – муҳим ҳимоя чораларидир. Ва албатта шамоллашнинг ҳар қандай аломатига эга ходимларни ишга чиқишини тақиқлаш зарур.