Бу галги суҳбатдошлар – Лондон Иқтисодиёт университети магистранти Хуршид Зафарий ва Ҳельсинки университети докторанти Мирзоҳид Қаршиев карантин чораларини юмшатиш, аҳолига моддий ёрдам бериш ва фаол иқтисодий ҳаётга қайтиш ҳақида мулоҳазаларини билдиришди.

Хуршид ака, айни пайтда Лондонда вазият қандай? Пандемия даврида одамлар кайфияти қанақа?

Лондонда ҳам кўплаб давлатлардаги каби карантин билан боғлиқ қатъий чеклов чоралари жорий этилган, хусусан, аксар корхоналар фаолияти тўхтатилган, аҳолининг кўчага заруратсиз чиқиши чекланган.

Бироқ Лондонда карантин вазиятида ҳам айрим енгилликлар амал қилмоқда. Масалан, аҳоли бир кунда бир марта жисмоний машқ қилиш, велосипедда сайр қилиш ёки уй ҳайвонларини сайр қилдириш учун кўчага чиқиши мумкин.

Шаҳарда хиёбонлар ҳам ёпилмаган. Уларга ижтимоий масофа сақлаган ҳолда ташриф буюриш мумкин. Лекин инсонлар ҳамма жойда деярли бир хил. Лондонда ҳам карантин қоидаларига риоя этмаслик ҳолатлари бор. Шунинг учун ҳам полиция хизмати кўчаларда, давлат ҳокимияти раҳбарлари, масалан, Буюк Британия бош вазири ўзининг ОАВдаги  чиқишларида аҳолини имкон қадар уйда ўтиришга ундамоқда.

Айни пайтда Тошкентда бўлиб турган Ҳельсинки университети докторанти – Мирзоҳид ака, сиз пандемия шароитида Тошкентдаги карантин вазиятини қандай баҳолайсиз?

Мен Ўзбекистонга март ойининг бошида келгандим. Шунинг учун Финландия ва Ўзбекистондаги вазиятни солиштиришга муваффақ бўлдим.

Финландияда коронавируснинг илк ҳолатлари январь ойи охири, февраль ойи бошларида аниқланган эди. Ўзбекистонда эса коронавирус қайд этилиши мартнинг ўрталарида содир бўлди. Ўша куни мен Тошкентда эдим.

Бу ерда илк бемор аниқлангандан сўнг ижтимоий масофаланишга оид чора-тадбирлар бошланиб кетди: бирданига таълим муассасалари ёпилди. Финландияда эса илк зарарланиш ҳолатидан то қатъий чекловлар ўрнатилгунча камида бир-бир ярим ой вақт ўтди.

Финландияда бошида, асосан, хавотир қилмасликка ва гигиенага амал қилишга чақирувчи кайфият ҳукмрон эди. Ҳатто ҳозир ҳам Финландияда карантин чекловлари Ўзбекистондагига қараганда енгилроқ.