Президентнинг «Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, қуйидагилар:

2020 йил 20 мартда Жаҳон банкининг Директорлар кенгаши томонидан Ўзбекистонга «Ўзбекистон Республикасида қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш» лойиҳасини молиялаштириш учун умумий 30 йил муддатга 10 йиллик имтиёзли давр билан Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки (ХТТБ)нинг 181,0 млн. АҚШ доллари миқдоридаги қарзи ва Халқаро тараққиёт уюшмасининг кўламини кенгайтириш дастурининг 100 млн. АҚШ доллари миқдорида кредити ҳамда 5 йиллик имтиёзли давр билан Халқаро тараққиёт уюшмаси (ХТУ)нинг 219 млн. АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредити ажратилишини маъқулланган;

Лойиҳанинг умумий қиймати 659,5 млн АҚШ доллари эквивалентини, шундан Ўзбекистоннинг улуши — 159,5 млн АҚШ доллари, шу жумладан, солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш, инвестиция даврида молиявий харажатларни тўлаш шаклидаги улуш — 124,5 млн АҚШ доллари эквивалентини ва Лойиҳа иштирокчиларининг (бенефициарлар) улуши — 35,0 млн АҚШ доллари эквивалентини ташкил этади;

Лойиҳани амалга ошириш даври 6 йилни (2020 ― 2026 йиллар) ташкил этади.

Белгиланишича:

Лойиҳа Ўзбекистоннинг барча вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилади;

Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги Лойиҳани ўз вақтида ва тўлиқ амалга ошириш, уни мувофиқлаштириш ва бошқариш, Лойиҳани амалга ошириш даврида мониторинг ва ҳисоботни юритиш учун масъул ижро этувчи орган ҳисобланади;

Жаҳон банкидан олинган маблағлар Молия вазирлиги томонидан қайтарилади;

кредит линиясини бошқариш, Жаҳон банкининг маблағлари ўз вақтида ўзлаштирилиши ва мақсадли фойдаланилишини таъминлаш, шунингдек, сублойиҳаларни амалга ошириш бўйича мониторинг ва ҳисоботни юритиш функциялари Лойиҳада иштирок этувчи Ўзбекистоннинг тижорат банкларига юкланади.

Агентлик Молия вазирлиги ва Марказий банки билан биргаликда Лойиҳа доирасида бериладиган қарзни қайта молиялашнинг муддатлари ва шартлари, сублойиҳаларни танлаш ва уларни баҳолаш мезонларини белгилаган ҳолда, Халқаро тикланиш ва тараққиёт банкининг қарзидан фойдаланиш тартибини ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди.