Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимовнинг маълум қилишича, мамлакатимизнинг Жанубий Кореядаги элчихонасида таниқли актриса Ли Ёнг Э ҳамда «Group Eight» компанияси раиси Бёнг Жун Сонг билан учрашув бўлиб ўтган.
Унда актриса коронавирус пандемияси туфайли апрель ойида Ўзбекистонга кела олмаслигини афсус билан қайд этиб, вазият яхшиланганидан сўнг, продюсер Бёнг Жун Сонг билан албатта мамлакатимизга ташриф буюришини маълум қилган.
Ли Ёнг Э Ўзбекистон халқига ўзи бош ролни ижро этган «Саимдан, ранг-баранг хотиралар» номли 3 миллион долларлик телесериални беминнат ҳадя қилган. Ҳозирда Миллий телерадиокомпания фильмни таржима ва дубляж қилишга доир ишларни олиб бормоқда. Бу жараёнлар якунига етганидан сўнг, сериал томошабинлар эътиборига ҳавола этилади.
Маълумот учун: «Саимдан, ранг-баранг хотиралар» Жанубий Кореянинг 30 серияли драмаси бўлиб, кореялик машҳур мусаввир, хаттот ва шоир аёл Шин Саимдан (1504-1551) ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилади. Жанубий Кореянинг 50 минг вон қийматли энг йирик банкнотасида унинг тасвири акс эттирилган. Бу сериал 2017 йилда Жанубий Кореянинг «SBS» телеканалида эфирга узатилган.

















