Бугунга келиб коронавирус ва инқироз сўзлари аллақачон ёнма-ён келмоқда — коронавирус инқирози. Эндиликда инсоният вирус билан бирга иқтисодий қийинчиликларга қарши курашишига ҳам тўғри келмоқда. Ва аста-секинлик билан карантин чораларини енгиллатаётган давлатлар сони ошиб бормоқда. Гарчи, касалликнинг иккинчи тўлқини юзага келиш эҳтимоли бўлса ҳам.
Чекловларни қисқартираётган мамлакатларнинг барчасида эҳтиёткорлик сақланиб қолиши айтилаётган бўлса-да мутахассислар бу ҳолатга қўполроқ ибора ўйлаб топишди: «ё иқтисод, ёки тиббиёт».
Дунёдаги энг бой давлатлардан бири, шу билан бирга ҳозирга келиб коронавирусдан энг кўп зарарланиш ҳолати кузатилган АҚШда ҳам мазкур иккиланиш яққол кўзга ташланмоқда.
Трамп маъмурияти аҳолининг бир қисми аста-секин нормал ҳаётга қайтишга тайёрлигини айтмоқда, деб ёзади The Guardian.
Бироқ айрим штатлар раҳбарлари шусиз ҳам синов воситалари етишмаслигини айтиб, бунга қарши чиқмоқда. Трамп эса аҳолининг ишга чиқиши тарафдори. У «нормал ҳаёт» тарафдорларини ҳимоя қиларкан, «бу одамлар мамлакатимизни яхши кўради. Улар яна ишга қайтишни истайди», деб жавоб берган.
Умуман олганда, чекловлар нафақат иқтисодий, шу билан бирга ижтимоий, маданий ва диний ҳаётга ҳам жиддий таъсир қилди. Бу ҳолат энди 1930 йиллардаги буюк инқироздан бери кузатилмагани айтилмоқда.
Ўз навбатида Халқаро валюта жамғармаси дунё иқтисодиёти бу йил 3 фоизга пасайиши кутилаётганини маълум қиларкан, 10 миллионлаб одамларнинг ишсиз қолганига эътибор қаратган.
Қатор мамлакатлар чекловларни енгиллатиб, иқтисодий фаолиятни қайта тиклашга ҳаракатни бошлади. Бошқача айтганда, вазият шундайки, кўплаб мамлакатлар вирус тарқалиши тугашини кутмоқчи эмас. Деярли барча давлат буни босқичма босқич амалга оширмоқчи.
Пандемиянинг илк ўчоғи Хитой аллақачон туризм ва бошқа бир қатор соҳалардаги чекловларни олиб ташлади. Ниқоб ва ҳароратни ўлчаш эса ҳозирча мажбурий. Қизиғи, чекловлар олиб ташланган бўлса-да, мижозлар оқими орқага қайтишга шошилмаяпти. Афтидан, инсоният эҳтиёткорликка ўрганди.
Ҳиндистонда ҳам баъзи ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги тармоғига нисбатан чекловлар олиб ташланди. Фақат битта шарт билан — иш берувчилар гигиена стандартларини таъминлаб қўйишлари керак.


















