Бугун орамизда бадиий таржимонлик билан шуғулланаётган “кўринмас қаҳрамонлар” ҳам борки, уларнинг заҳматли ва машаққатли ишлари эътирофга лойиқ. Чунки улар юрт адабиёти орқали ўзбек номининг турли миллат ва элат ўқувчилари қалбидан жой олишига асосий сабабчилардир. Ана шундай қаҳрамонларимиздан бири - Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси матбуот котиби, “Femida” газетаси муҳаррири Асрор Аллаяров билан мавзу юзасидан суҳбат қурдик.

Асрор Аллаяров 1986 йил Қашқадарё вилояти, Косон тумани Гувалак қишлоғида туғилган. Ҳиндистоннинг Бангалор университетида таҳсил олган. Вилоятдаги “Дарё”, “Шарқ дунёси” ҳамда “Femida” газеталарида бош муҳаррирлик қилган. Ҳиндистоннинг “Kafla-qit’alararo” журналида маслаҳатчи муҳаррир бўлиб ишлаган. Бирлашган Араб Амирликларининг “Al Shirawi” компаниясида фаолият кўрсатган.

Илк ҳикоялар тўплами “A Decision” 2014 йилда АҚШда чоп этилган. Олти ой ўтиб ушбу тўплам Японияда япон тилида “Замонавий ўзбек ҳикоялари” номи остида нашр этилган. 2017 йилда янги тўплами Сербиянинг “Alma” нашриёти томонидан серб тилида босиб чиқарилган. Халқаро Нажи Нааман адабий мукофоти совриндори.

-Таржимонлик фаолияти билан шуғулланишингизга нима туртки бўлган? Аслида бу соҳага қизиқиш сизда қандай уйғонган?

-Ёшликдан ижод қиламан. Ҳиндистонда таҳсил олаётган пайтларим Ҳинд океанида жойлашган Санта Мария оролига борганмиз. Ўшанда “Ой ёғдуси” номли қисқа шеър ёзганман ва уни инглиз тилига ўгирганман. Шундан буён бу жараён севимли ишимга айланган. Қатор шеър ва ҳикояларимни инглиз тилига ўгириб, хориж нашрларига юборганман. Турли давлатларнинг турли тилларда чиқадиган 30дан ортиқ газета ва журналларида чоп этилди. Дунёнинг 50дан ортиқ тилларига таржима қилинди. Шу жумладан, Африка қитъасининг саноқли кишилар суҳбатлашадиган тилларига ҳам. Шундан сўнг кўплаб ўзбек адабиёти намуналарини жаҳонга олиб чиқиш истаги пайдо бўлди. Чунки бизнинг адабиётимиз ҳақида ҳали хориж ўқувчиларида деярли тасаввур йўқ. Буни шакллантириш учун эса кўп ишлашимиз керак.

-Сизнинг таржималарингиз асосидаги китоблар айнан қайси давлатларда тарқалган?

-Уларнинг кўпчилиги АҚШда, шунингдек, Ҳиндистон, Туркия, Канада, Сербия, БААда чоп этилган. Шунингдек, ўзбек адибларидан қилган таржималарим ҳинд, француз, испан, инглиз, турк, араб, итальян, грек тилларида нашр этилган халқаро антологиялар, босма нашрларда эълон қилинган. Турли йилларда бир неча ижодкорларимиз Ливанда ўтказиладиган халқаро Нажи Нааман адабий мукофоти ғолиблари бўлишди. Халқаро Нобель мукофоти совриндорлари хотирасига бағишлаб чоп этилган тўпламлардан ўрин олди. Бугунги кунда кўпчилик ўзбек ижодкорларининг инглиз тилидаги тўпламлари Amazon орқали сотувда ҳам бор.