Ботир Қобилов профессор Жонас Хиз билан ҳамкорликда «Ўзбекистон капитал бозорини қуриш» номли ўқув қўлланмасини ишлаб чиқди.
Ушбу қўлланмадан Ҳарвард бизнес мактабининг «Бизнес таҳлили ва уни баҳолаш» курсида фойдаланиш режалаштирилган.
Қўлланма талабаларга бирмунча вақт олдин халқаро ҳамжамиятга очилган, ривожланаётган капитал бозорига мисол сифатида тавсия этилади. Унда йирик салоҳиятга эга мамлакатда капитал бозорининг пайдо бўлиши ҳақида сўз боради.
Қўлланмада капитал бозорини мувофиқлаштириш соҳасидаги камчиликлар, жумладан, капитал бозорини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг кўплиги, аҳоли молиявий саводхонлигининг пастлиги, эмитентлар фаолияти ҳақидаги маълумотларни ўз вақтида очиқлаш тизими, молиявий ҳисобот стандартларининг халқаро стандартларга тўлиқ мос келмаслиги каби камчиликлар кўриб чиқилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг бир қатор халқаро молия институтлари, хорижий регуляторлар билан ҳамкорлик ўрнатиб, битимлар имзолагани ҳам таҳлил этилган.
Ҳаммуаллиф Ботир Қобилов қўлланманинг яратилиши ҳақида шундай дейди:
«Ҳарвардда асос солинган, дунёга машҳур «case-method», яъни бизнес-кейс асосида дарс бериш методологияси мавжуд. Бу каби кейсларни аввал кўп ўқиганман, ҳатто ўз вақтида Дьюк ва Стенфорд университетларида бакалавр йўналишдаги талабаларга Клейтон Кристенсеннинг кейслари бўйича курсга ассистентлик қилган эдим.
Бу дарс бериш усулида ўқув қўлланма ёзилади, унда жамоа, бизнес, саноат ёки ҳукумат олдида турган реал вазиятлар, ечилиши керак бўлган масалалар баён қилинади. Дарсдан аввал ва дарс жараёнида талабалар бир-бирлари билан муҳокама қилиб, ечимларни таклиф қиладилар ва тавсиялар беришади. Дарснинг охирида эса ўша қўйилган вазият қандай якун топгани профессор ва кейсда тилга олинган меҳмон томонидан эълон қилинади ва талабалар хулоса қиладилар.
Дарс жараёни жуда қизиқ ва интерактив ўтади, профессорлар лексия ўтмайди ва ҳар бир талабанинг қатнашиши талаб этилади.
Қисқаси, умуман Ўзбекистон ҳақида, у ердаги бизнес ёки иқтисодиёти ҳақида ҳали бирорта кейс ёзилмаган экан. Ҳарвардга келганимдан бери бу ҳақда ёзишга ният қилгандим. Яқинда ҳаммуаллиф профессор билан биринчисини чоп этдик.















