«Google classroom орқали дарс ўтяпмиз»
– Мен – Мақсадбек Файзуллаев – Тошкент шаҳрида жойлашган Президент мактабининг 9-синф ўқувчисиман.

Одатда, Президент мактаблари ўқувчилари мактабнинг ўзидаги ётоқхонада яшайдилар. Бу эса биздан кун давомида маълум тартиб-қоидаларга амал қилишни талаб қилади.
Мактабда ҳар куни эрта туриб, бадантарбия қилган бўлсак, ҳозир уйда ҳам шу тартибга амал қилишга ҳаракат қиляпман.
Ҳозир карантин бўлгани сабабли устозларимиз дарсларни онлайн –Google classroom орқали ўтишяпти.
Мактабда дарс бошланиш вақтига компьютер ёнига ўтираман ва Google classroom орқали одатий дарс жадвали асосида фанларимиз ўтилади.
Саҳифага устозлар ўқувчилар учун мавзуни тушунтириб берувчи тақдимот, видео ва маълумотлар жойлайди. Дарс вақти сўнгида уйга вазифа учун топшириқлар юборилади.
Бизда асосий фанлар – биология, математика, физика, информатика каби фанлар тўлиқ инглиз тилида ўтилади. Бу менга кўпроқ изланишим кераклигини кўрсатади.
Дарслар тугагач, ижтимоий тармоқлардаги турли интеллектуал соҳага йўналган гуруҳларни, каналларни ҳам кузатяпман: саволларга жавоб топишда фаол бўлишга ҳаракат қиламан. «Заковат» интеллектуал ўйинларида қатнашяпман.
Шундан сўнг китоб ўқиш учун алоҳида бир ярим соат вақт ажратаман. Кечки пайт эса, албатта, ҳужжатли фильм томоша қиламан ёки ўзим қизиққан мавзуларда видеоқўлланмалардан керакли билимларни олишга ҳаракат қиламан.
Мактабда дарс қилганда барибир иштиёқ юқори бўлади, чунки ўқитувчилар ҳам доим кўмак бериб туришади. Лекин мустақил тарзда ҳам дарс қилиш ва қатъий кун тартибига амал қилиш ҳам мумкин.
Гулистон давлат университети педагогика-психология йўналиши 3-босқич талабаси Исмоил Мамаджонов:

– Мен айни пайтда талабаман. Бошқалар қатори масофавий тарзда таълим оляпман. Менимча, айни вазият ёшларнинг ўз устида ишлаши учун қўшимча вақт яратиб берди. Чунки бирор нарса ўрганишни хоҳлаганларнинг ҳозир етарлича вақти бор.


















