Коронавирус билан боғлиқ турли чекловлар иқтисодиёти бақувват, тиббиёти ва бошқа ижтимоий соҳалари ривожланган давлатларни ҳам эсанкиратиб қўйди.

Мамлакатимизда синовли кунлардан мардонавор ўтиш бўйича қатъий ҳаракат қилинмоқда. Президентимизнинг тезкор, муаммолар ечимига аниқ йўналтирилган қарор ва фармонлари, видеоселектор йиғилишларида хавфларни бартараф этиш бўйича қатъий белгилаб бераётган вазифалари бу жараёнда асосий аҳамият касб этмоқда.

Энг муҳим жиҳат шундаки, юртбошимиз пандемияга қарши курашиш юзасидан ҳаётий ташаббуслар билан чиқиб, давлат ва жамият имкониятлари ҳамда саъй-ҳаракатларини ягона мақсад йўлида бирлаштирди. “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини ташкил этиш ташаббуси ҳам шундай эзгу ғоялардан бўлди.

Энди бу ташаббус нега муҳимлиги, унинг улкан ижтимоий аҳамияти ҳақида мушоҳада қилиб кўрайлик. Карантин муддати узайтирилиши ижтимоий муҳофазага муҳтож кишилар, ногиронлиги бўлган шахслар, вақтинча ишсизлар, норасмий секторда кунлик даромадга суяниб келган оилаларга манзилли ёрдамни кучайтиришни тақозо этади. Бу ёрдам қисқа муддатда кўрсатилиши, оилалардаги эҳтиёж ва зарурат ҳисобга олиниши зарур.

Бундай вазиятда энг тезкор ва аниқ ёрдам маълум маҳалла, кўча доирасида кўрсатилиши мумкин. Нега? Маҳаллада ким ёрдамга муҳтож бўлиб қолгани, айнан қандай озиқ-овқат ёки дори-дармонга эҳтиёж сезаётганини аниқлаш осон.

Ҳамма ҳам хайрияларни мувофиқлаштириш марказларига мурожаат қилмаслиги мумкин. Яна жамиятимизда шундай кишилар борки, қўнғироқ қилиб ёрдам сўрашга, исмини, уй манзилини айтишга истиҳола қилади.Агар маҳалласи, кўчасидаги таниш инсон ёрдам берса, бир кун қайтаришни кўнглига тугиб қўяди. Маҳаллада муҳтож оилага ёрдам берилганини биров билиб, биров билмай қолади. Хижолатчилик камроқ бўлади. Одамнинг ички табиати шундайки, ўзига таниш, яқинроқ кишилардан ёрдамни илиқроқ қабул қилади.

Маҳалла, кўча ёки бошқа кичикроқ ҳудуд доирасида оилаларга ёрдам кўрсатилганда карантин қоидаларига риоя қилиш, одамларни бир жойга тўпламасдан кўпроқ оилаларга ёрдам кўрсатиш осонроқ бўлади.

“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати натижасида қўни-қўшнилар, таниш-биродарлар ўртасида меҳр-оқибат, хайр-у саховат ришталари янада мустаҳкамланади.Шу тариқа ижтимоий, иқтисодий ҳолатидан қатъи назар, аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик, руҳий яқинлик кучаяди. Бу жамиятимиздаги ижтимоий бирдамликни мустаҳкамлашда катта аҳамият касб этади.