Жаҳон | 16:17 / 24.04.2020
8707
2 дақиқада ўқилади

Толиблар Афғонистон президентининг ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги чақириғини рад этди

Толиблар Афғонистон ҳукуматидан АҚШ билан келишувга мувофиқ беш минг нафар маҳбусни озод қилишни талаб қилмоқда. Ҳукумат босқичма-босқич 1,5 минг маҳбусни озод қилишга рози бўлди.

Фото: EPA

"Толибон" ҳаракати  Афғонистон президенти Ашраф Ғанининг ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги чақириғини рад этди. Бу ҳақда Tolo News телеканали хабар берди.

Телеканалнинг билдиришича, Рамазон ойи арафасида Афғонистон президенти толибларга мамлакатда коронавирус тарқалиши сабабли ўт очишни тўхтатиш чақириғи билан чиққан.

"Коронавирус сабабли минглаб маҳкумларнинг ҳаёти хавф остида турганида ва тинчлик жараёни бўйича келишувни бажариш олдида тўсиқлар турган вақтда ўт очишни тўхтатишни сўраш мақсадга мувофиқ эмас ва ишончсиз", - деди ҳаракатнинг Қатардаги расмий вакили Суҳайл Шаҳин.

У АҚШ билан келишувнинг тўлиқ амалга ошиши "мустаҳкам тинчлик ва ўт очишнинг тўхтатилишига олиб келиши"ни таъкидлади.

Толиблар Афғонистон ҳукуматидан АҚШ билан келишувга мувофиқ беш минг нафар маҳбусни озод қилишни талаб қилмоқда. Ҳукумат босқичма-босқич 1,5 минг маҳбусни озод қилишга рози бўлди.

29 февралда Доҳада АҚШ ва толиблар ўртасида келишув имзоланганди. Келишувга кўра, АҚШ 14 ой ичида ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиб кетиши, маҳбуслар алмашинувидан сўнг тинчлик йўлидаги мулоқот бошланиши лозим эди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид