Вазирлар Маҳкамасининг “Электрон ҳукуматнинг идоралараро ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларининг Ягона реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси ва “Киберхавфсизлик маркази” давлат унитар корхонасининг “Электрон ҳукуматнинг идоралараро ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларининг Ягона реестри” ва “Электрон ҳукуматнинг маълумотномалар ва классификаторлар регистри” ахборот тизимларини яратиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилади.
Қуйидагилар:
“Электрон ҳукуматнинг идоралараро ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларининг Ягона реестри” ахборот тизимини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги Низом;
“Электрон ҳукуматнинг маълумотномалар ва классификаторлар регистри” ахборот тизимини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланади.
Шундай тартиб белгиланадики, унга кўра:
“Электрон ҳукуматнинг идоралараро ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларининг Ягона реестри” ахборот тизимига низом жамғармасида 50 фоиз ва ундан ортиқ давлат улушига эга давлат органлари ва ташкилотларининг идоралараро ахборот тизимлари, ресурслари шунингдек, бошқа дастурий маҳсулотлари киритилади;
давлат органлари ва ташкилотларига Ягона реестрга киритилган идоралараро ахборот тизимларининг функционал вазифаларини такрорлайдиган ахборот тизимларини ишлаб чиқиш ва фойдаланиш тақиқланади;
давлат органлари ва ташкилотлари идоралараро электрон ҳамкорликда электрон ҳукуматнинг маълумотномалар, классификаторлар ва ягона идентификаторларидан фойдаланишга мажбурдирлар.
Белгиланишича:
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ягона реестр ва “Электрон ҳукуматнинг маълумотномалар ва классификаторлар регистри” ахборот тизимини шакллантириш ва юритишга ваколатли, оператор ҳисобланади.
“UZINFOCOM давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор” МЧЖ Ягона реестр ва “Электрон ҳукуматнинг маълумотномалар ва классификаторлар регистри” ахборот тизимини техник ишлашини таъминлайди.















