Улар Жанубий Корея ва Туркиянинг пандемиядаги ҳаёти, бу давлатларда бўлиб турган ўзбек мигрантлари, ўзбекистонликларнинг коронавирус тарқалган вазиятда ишсиз ва моддий маблағсиз қолиш эҳтимоли ҳақида маълумот беришади. 

– Кореяда ва Туркияда касалланганларга муносабат қандай? Вирусдан касалланган мигрантларга тиббий ёрдам ўз ўрнида бериляптими?

Элдор Воҳидов, Kun.uz'нинг Жанубий Кореядаги махсус мухбири:

– Фикримча, айни шу масалада Корея ҳукумати жуда яхши иш қилди. Яъни мигрант ёки давлат фуқароси деб одамларни ажратмади, кимда аломатлар бўлса, давлат томонидан ҳамма текширувдан ўтказилди. Ва шунинг ҳисобига ҳам зарарланганлар сони кўпайиб кетди.

Агар кимдир ўзидан шубҳаланиб, тест топширишни хоҳласа, унда 120-180 доллар атрофида тўлов қилиши керак бўларди.

Ҳаммага тенг қаралгани учун ҳам, текин ва сифатли тиббий хизмат кўрсатилгани сабаб ўзбекистонликлар ўзларини бу ерда анча хавфсиз ҳис қилишди.

Яна бир нарсага аниқлик киритмоқчиман. Ҳали Ўзбекистонда вирус қайд қилинмасдан олдин ўзбекистонлик фуқаро Кореяда вирус юқтиргани аниқлангани тўғрисидаги хабар шов-шувларга сабаб бўлганди. Ҳозир ўша фуқаро аллақачон тузалиб, ўз ишини давом эттирмоқда.

Кореяда ноқонуний ишлаб яшаб келаётган, I-card`га эга бўлмаган ўзбекистонлик ва бошқа давлатларнинг фуқаролари ҳам кўп. Давлат томонидан ана шундай ноқонуний мигрантларда касаллик аниқланса, уларнинг ҳам шахсий маълумотлари сир тутилиши белгилаб қўйилди.

Мана шундай шахслар ҳам тузалиб чиқиб, ҳозирда давлатда яна ишлаб келмоқда.

Корея, шунингдек, чет эл фуқароларига ҳам бепул тиббий ниқоблар тарқатилишини йўлга қўймоқда.

Санжар Икромов, Туркияда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик ишбилармон:

– Туркияда ҳудудлар бир-биридан фарқ қилади. Масалан, Истанбул ва Анқарада вазият 2 хил. Туркияга йиллар давомида турли ҳудудлардан қочқинлар кириб келиши ва чет эллик муҳожирлар кўпайгани ҳисобига бу ерда хорижликларга нисбатан ҳурмат бироз тушган.

Давлат касалхоналарида Туркия фуқароларига ҳам тўлиқ хизмат кўрсатиб улгурмагани учун ўзбекистонликлар тест топшириш учун борганда киритилмагани ёки ташхис қўйилиб, лекин даволашмагани тўғрисида ҳам хабарлар тарқалди. Лекин уларнинг қанчалик тўғрилигини аниқ билмайман.