Kun.uz сайти 2020 йил 1 майдан бошлаб кутилаётган айрим ўзгаришларни ҳавола этади.

Аи-80 нархи давлат томонидан тартибга солиниши тартиби бекор қилинади

Президентнинг «Нефть-газ тармоғининг молиявий барқарорлигини ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра, Аи-80 маркали автомобиль бензини ва дизель ёқилғиси (шу жумладан ЭКО маркали дизель ёқилғиси) чакана нархларини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилинади, шунингдек нефтни қайта ишлаш заводлари томонидан Аи-80 маркали автомобиль бензини ва дизель ёқилғисини (шу жумладан ЭКО маркали дизель ёқилғисини) сотиш фақат биржа савдолари орқали амалга оширилади.

Суд ҳукмлари, қарорлари, ажримлари ёки ҳал қилув қарорлари қонуний кучга кирган ишларни прокурор томонидан томонларнинг мурожаати мавжуд бўлгандагина суддан талаб қилиб олиш тартиби кучга киради

Давлат дастури тўғрисида президент Фармонига мувофиқ, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида 2020 йил 1 майдан бошлаб суд ҳукмлари, қарорлари, ажримлари ёки ҳал қилув қарорлари қонуний кучга кирган ишларни прокурор томонидан томонларнинг (прокурордан ташқари) мурожаати мавжуд бўлгандагина суддан талаб қилиб олиш тартиби амалиётга жорий этилади.

2020 йил учун давлат мактабгача таълим ташкилотларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўловининг янги миқдорлари амалга киради

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 февралдаги 114-сон қарори билан 2020 йил учун давлат мактабгача таълим ташкилотларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўлови миқдорлари тасдиқланди.

Ҳудудларда доривор ўсимликлар етиштириш бўйича кластер тизими йўлга қўйилади

Президентнинг шу йил 10 апрелдаги қарори билан 2020 йил 1 майдан бошлаб Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг доривор ўсимликларни етиштириш, сақлаш, бирламчи ёки чуқур қайта ишлаш кластерларини (доривор ўсимликлар кластери) ташкил этиш, шунингдек, ҳудудларни доривор ўсимликлар етиштириш бўйича ихтисослаштириш тўғрисидаги таклифлари маъқулланган.