Коронавирус пандемияси ва чеклов чоралари шароитида хусусий бизнес оптимизм танқислигига дуч келди, деб ёзади The Economist журналининг таҳлилий бўлинмаси. Нашр бутун дунёдаги компанияларнинг топ менежерлари кайфиятини ҳар ойда кузатиб бориш учун Global Business Barometer («Халқаро бизнес барометри») лойиҳасини йўлга қўйди.
Economist Intelligence Unit бўлинмаси 26 мартдан 6 апрелгача 118та давлатдан 2758 нафар топ менежерлар ўртасида сўров ўтказди. Таҳлилчилар уларга иқтисодиёт масаласида прогнозлар қилишни, шунингдек пандемия оқибатлари билан қай тариқа курашмоқчи эканликларини гапириб беришни сўрашди. Яқин ойлар учун истиқбол ҳақида сўралганлар -50 («жуда ёмон» бўлади)дан +50 («анча яхши» бўлади)гача баҳолашган.
Яқин уч ойнинг «энг аҳамиятли таҳдидлари» рўйхатида топ менежерларнинг 72 фоизи «COVID-19 пендемиясининг янада ёйилиши»ни танлашган. Раҳбарларни хавотирга солаётган муаммолар рўйхатининг пастида протекционизмдан ташвишланиш (13 фоиз), иқтидорлар ва малакали кадрлар етишмаслиги (13 фоиз), шунингдек, кибертаҳдидлар ва фирибгарликлар жойлашган. Коронавирусгача хусусий секторнинг бу муаммолардан хавотирлари ўсиб бораётган эди.
Бундан ташқари, таҳлилчилар топ менежерлардан бутун жаҳондаги, ўз минтақаси ва давлатидаги, шунингдек, муайян соҳаси ва компаниясидаги ишбилармонлик муҳити ҳақида ўз фикрларини баён этишни сўрашган. «Барометр» маълумотларининг кўрсатишича, баҳоланаётган майдон торайгани сари раҳбарларнинг пессимизми ҳам сусайган, лекин аввалги оптимизмга айланмаган. Келгуси уч ой учун жаҳон иқтисодиёти борасидаги кутилмалар –39,2га тенг. «Ўз минтақангиз иқтисодиёти» учун –36,7, «мамлакатингиз иқтисодиёти» учун –36,4. Маҳаллий прогнозлар бўйича пессимизм янада сустлашган. Соҳалар даражасида кўрсаткич –22га, компаниялар дарадасида –17,8га тенг.
Таҳлилчиларга кўра, бундай натижаларнинг учта турли талқини бўлиши мумкин:
- Кўплаб сўралганлар чиндан ҳам ўзларининг соҳаси ёки компанияси коронавирус иқтисодиётда келтириб чиқарган чайқалишлардан кучли изоляция қилинганига ишонишади;
- Топ менежерлар бутун иқтисодиётдан кўра ўз компанияси ва соҳаси тақдирига каттароқ таъсир ўтказа олишини сезишади ва бу улардаги пессимистлик даражасини туширади;
- Раҳбарлар пандемия оқибатида «ўзига хос қисқа фурсатли когнитив диссонанс» ҳис қилишлари мумкин. Шунинг учун улар бир-бирига зид нуқтайи назарни қўллаб-қувватлашади: жаҳон ва минтақавий иқтисодиётларда вазият камида кейинги уч ой ичида ёмонлашади, лекин уларнинг ўз соҳаси ва компаниялари бундан камроқ жабр кўради.















