Инсоният ўзи шунақа, ҳар қандай шароитда аввал ноқулайлик ҳис қилса-да, кейин яна ўз шаклига, азалий мавзуларига қайтади. Босма нашрлар — интернет қарама-қаршилиги бизда худди шундай, азалий мавзу.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ўз интервьюсида босма нашрларнинг даври ўтгани, матнли ахборот шакл алмаштириш вақти келганини айтиши ҳамоно, унга ҳужумлар бошланди: ҳатто газетачиликка қарши бўлган одамларни маънавиятсиз, китоб ўқимайдиган, маданий меросимизнинг душмани сифатида акс эттирганлар ҳам бўляпти. Босма нашрлар ўзига хос тарзда қадрият сифатида намоён қилинмоқда.

Аслида, бу баҳснинг ўз контексти бор ва Комил Алламжонов босма нашрлар ҳақида фикр юритганда ҳам, унга берилган жавобларни ҳам ўша контекст асосида тушунишимиз лозим. Асосий нуқта газетанинг бир восита экани, восита эса, ҳеч қачон қадрият бўла олмаслигидир.

Кун мавзуси: Газеталар келажаги бўйича икки қараш

Тасаввур қилинг, енгил автомашиналар чиққач, от аравани қадрият деб ҳимоя қилмаймиз-ку? Қўл телефонлари пайдо бўлгач, симли телефонлар тақдиридан қайғуриб, азият чекмаймиз-ку? Мақсад бир нуқтадан бошқасига бориш ёки кимдир билан гаплашиш экан, буни қандай воситалар билан амалга оширишимиз муҳим қадрият эмаску, тўғрими?

Босма нашрлар маънавиятга эга чиқиб, бор балони, фейклару, ахлоқсизликни интернетга тўнкаши ҳам шу қадар мантиқсиз. Ишонтириб айтаманки, дунёни тебратган бутун маданий-маърифий матнларни, ҳар қандай буюк асарни интернетдан топса бўлади. Ўз навбатида, пайғамбаримиз (с.а.в.)ни масхара қилиб чизилган карикатуралар газетада чоп этилган эди.

Айтмоқчиманки, энг муҳими, матннинг, асарнинг мазмуни, унинг ўзидир. Ўқувчига бу қайси форматда тақдим этилгани мутлақо аҳамиятга эга эмас.

Боз устига, ўқувчига тезкор маълумотни етказишда, электрон шаклдаги ОАВнинг бугун ҳар томонлама устунликка эга бўлаётганини ҳам тан олишимиз керак. Чунки, тезкорлик учун техник шароит ҳам, ўқувчига етиб бориш шаклида ҳам, муштарийлар билан муносабат ўрнатиш имкониятларидан тортиб, маълумотни тақдим этиш форматларида электрон ОАВ анча устундир. Шунингдек, айнан интернет сайтларига замонавий бошқарув анча эрта кириб келди ва улар молиявий томондан ўзини ўзи мустақил таъминлаш йўлида анча қадамлар ҳам босиб қўйишди.

«Сайтлар халқимизга энг тўғри маълумотларни етказиш, уларнинг маънавиятини юксалтириш вазифасини бажармоқда, шунинг учун уларни асрашимиз керак, йўқолиб кетмаслиги лозим», деб бонг урилмаяпти, ҳарҳолда. Рақобат ва эркин бозорда ўрнини топа олган яшаб кетяпти, акс ҳолда йўқ.