Президент Олот туманида аҳоли билан мулоқот чоғида дастлаб коронавирусга қарши олиб борилаётган ишлар ҳақида гапирди.

«Бу йўналишда Бухорода ҳам катта ишлар қилиняпти. Ҳар бир фуқаронинг ҳаётини сақлаб, бирорта ҳам ўлим бўлмаслиги учун 24 соат ҳаракат қиляпмиз. Албатта, бу бошимизга тушган катта синов. Мен биринчи кунданоқ айтдимки, бу синовдан қудратли бўлиб чиқамиз, бир-биримизга меҳримиз, муҳаббатимиз, албатта, ошади.

Бугун ҳам Худо таолонинг катта синови бўлди. Икки туман - Олот ва Қоракўлда бўлган воқеа — буям бир синов», деди президент.

Президент ҳодиса ҳақида, етказилган зарарнинг кўлами тўғрисида тўла хабардорлигини айтиб ўтди.

«Энг муҳими сизларнинг кайфиятларинг бузилмаслиги учун ўзим етиб келдим. Қўлимда ҳамма маълумот бор. Қайси мактаб, қайси хонадон, қайси боғча, қайси шифохонага қанча маблағ керак бўлса, шунча маблағ берамиз. 

Бирорта хонадон, бирорта корхона, бирорта фермерга зарар етказмаймиз. Ғалла бузилган жойда пахта экамиз. Меҳнат қиламиз, жипслашамиз. Эртага даромадимиз бундан ҳам кўп бўлади. 

Мен ҳамма қарорларни қабул қилдим, ҳеч қандай зарар бўлмайди. Энг асосийси, ваҳимага тушмасдан, саранжом бўлиб, одамларимизни сақлашимиз керак. Шунинг учун ҳаммамиз эҳтиёт бўлиб, огоҳ бўлиб ўз ишимизни давом эттиришимиз керак.

Худога минг қатла шукр, бу иш кундузи бўлмади. Акс ҳолда кўп одам йўқотиб қўярдик, одамлар саросимага тушиб қоларди. Кечаси одамлар ичкарида бўлгани учун одам йўқотмадик, қариндошимизни, фарзандимизни, неварамизни, қўшнимизни йўқотмадик. Фақат бир Ашуров... жойи жаннатдан бўлсин. Фарзанди тирик. Оиласига ёрдам берилади. Ҳамма чора-тадбирларни кўрамиз.

Икки туман учун керакли куч ва воситаларни, маблағларни берамиз. Қоракўл ва Олотни янгилаймиз. Маҳалла раисларидан илтимос, ҳар бир хонадонга кириб, карантин нормаларини сақлаб, одамларга раҳматимни ва илтимосимни етказинглар, огоҳликка даъват қилиб, саросимага тушмасликни илтимос қиламан.

Ҳаммага қозонини қайнатишгаям шароит яратиб берамиз. Икки-уч марта айланиб ҳамма жойни кўрдим. Менда келишимдан олдин маълумотлар бор эди, лекин ўзим келиб кўришим, кўзларингга қараб гапиришим бошқа эди. Тошкентдан туриб гапириш ҳам мумкин, лекин келиб кўриш — мутлақо бошқа нарса...

Бу менинг жонажон халқим. Битта маҳалла ҳам, битта кўчаям, битта хонадонам мен учун азиз, мукаррам, мана шундай халқимни қутқариш ҳам фарз, ҳам қарз. Ҳаммамизга.