COVID-19га оид статистик маълумотларга кўра, касалхоналарда тобора ковид юқтириб инсультга учраган нисбатан ёш (30–40 ёшли) беморлар сони кўпаймоқда.

Агар аввалроқ коронавируснинг асосий нишони ўпка деб қаралган бўлса, энди у янада даҳшатлироқ душманлиги ва ҳаёт учун зарур ҳар бир орган (ошқозон-ичак тракти, буйраклар, юрак ва ҳ.к.)ни зарарлаши ойдинлашмоқда.

Касалликнинг биологик механизмлари эса ҳозирча олимлар тушуниши доирасидан ташқарида.

Яқин кунларгача COVID-19 туфайли инсультлар ҳақидаги хабарлар жуда кам эди, деб ёзади The Washington Post. Хитойнинг Уҳанида ҳам айрим касалларда инсульт кузатилган, бироқ уларнинг аксарияти жиддий касаллар ва қариялар бўлган. Баъзи экспертлар ўшандаёқ интуицияси билан бу боғлиқликни сезишган, дейди Питтсбург медицина маркази неврологи Шерри Чу.

Энди АҚШдаги учта йирик медицина марказлари ушбу феномен ҳақида маълумотларни эълон қилишга тайёрланмоқда.

Фото: Eduardo Munoz/Reuters

Уларнинг маълумотлари ҳозирча анча камтарона, лекин улар вирус бизнинг танамизга қандай таъсир ўтказиши ҳақида янги ахборотларни билиб олиш мумкин. Масалан, коронавирус юқтирган нисбатан ёш (ва соғлом) беморларда қон томирларида тиқин пайдо бўлиши (large vessel occlusion, LVO) кузатилмоқда, унинг натижасида миянинг ҳаракат, нутқ ва қарор қабул қилишга масъул соҳалари ишдан чиқиши мумкин.

Кўплаб тадқиқотчиларнинг фикрича, COVID-19 беморларида инсультнинг кузатилиши қонтомирларда пайдо бўлувчи тромбларнинг оқибатидир, улар «оқим бўйлаб юқорига» ҳаракат қилиш тенденциясига эга: масалан улар болдирдан ўпкагача бориши мумкин, сўнгра ўпка эмболияси (ўпка артериясининг тромбоэмболияси)ни келтириб чиқаради — бу COVID-19 беморлари ўлимининг энг машҳур сабаби.