Президентнинг “Республика аҳолиси ўртасида “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларини ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Шундай тартиб ўрнатиладики, мамлакатда оммавий жисмоний тарбия ва спорт тадбирларини мунтазам ўтказиш орқали аҳолини жисмоний тарбия ва спорт машғулотларига жалб этиш, жисмоний тарбиялаш, соғломлаштириш, камол топтириш юзасидан аҳолининг барча қатламлари ўртасида 2021 йилдан бошлаб ҳар йили “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларини ўтказиш тизими жорий этилади.

“Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларини ташкил этишнинг асосий мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланади:

юртимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳолининг спортга бўлган қизиқишини ошириш, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи маданиятини шакллантириш, иммунитетини мустаҳкамлаш, саломатлигини таъминлаш ҳамда спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун зарур шарт-шароитлар ва инфратузилмани яратиш;

ҳаваскор ва профессионал даражада спорт билан шуғулланувчилар сонини ошириш орқали жойларда ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни танлаб олиш (селекция)нинг самарали ва шаффоф тизимини яратиш ҳамда спорт терма жамоалари таркибини сифатли тўлдириш, шунингдек уларнинг захирасини шакллантириш ва юқори малакали спортчиларни босқичма-босқич тайёрлаш тизимини татбиқ этиш;

ёш авлодни жисмонан ва руҳан соғлом, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларни келажагимизнинг муносиб ворислари этиб вояга етказиш, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қила оладиган интеллектуал салоҳияти юқори бўлишини таъминлаш ҳамда Ватан мудофаасига муносиб захира кадрлар тайёрлаш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳамда барча вазирлик ва идоралар, давлат ва нодавлат ташкилотларининг аҳоли саломатлигини таъминлаш борасидаги масъулияти ва ролини янада ошириш ҳамда фаолиятини баҳолаш тизимини жорий этиш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Халқ саломатлиги миллий кенгашига, “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларининг жойларда ўтказилишининг республика миқёсида назоратини олиб бориш ваколати берилади.

Бунда, Миллий кенгашнинг асосий вазифаларига қўшимча равишда, вазирлик ва идоралар, давлат ва нодавлат ташкилотларининг белгиланадиган даврийлик асосида “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовлари мунтазам ўтказиб борилиши ва фаол иштирок этилишини таъминлаш, уларга зарурий шарт-шароитлар яратиш, спорт синовларини ўтказиш муддатларини белгилаш, аҳоли ва ёшлар ўртасида бу борада олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ҳар чоракда муҳокама этиб бориш белгиланади.