Карантинга олинганларнинг 9 нафари аёллар, қолган 20 нафари эркаклардир. Улар орасида 9 нафар болалар ҳам бор.

Тиббиёт гуруҳи раҳбари, инфекционист Сайёра Ибрагимова карантинга олинган фуқароларнинг тиббий назорати қандай ташкил этилгани ҳақида маълумот берди.
«3 апрелдаги шошилинч хабарномага мувофиқ, Қўшработ туман тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлимига коронавирусга чалинган бемор билан мулоқотда бўлган 29 нафар фуқаро карантинга жойлаштирилди. Уларга 8 кишилик тиббиёт ходимлари гуруҳи бириктирилди.

Карантиннинг илк суткасидан бошлаб улардан намуна-таҳлиллари олдик. Барчаси манфий чиқди. Куни кеча яна намуна-таҳлиллари олингандан кейин ҳам шу натижа қайд қилинди. Мана, бугун карантиннинг охирги куни (видеорепортаж 16 апрель куни ёзиб олинган). Уларга уйларига кетишлари учун жавоб берамиз», дейди Сайёра Ибрагимова.

Карантин ҳудудида одатда кун фуқароларнинг тана ҳароратини ўлчаш, уни қайд қилиш дафтарига ёзиб қўйишдан бошланади. Сўнг уларга тозалик ва шахсий гигиена қоидаларига риоя қилишлари бўйича тавсия берилади.

Тушлик соат 13:00да. Таомлар тиббиёт бирлашмаси ошхонасида тайёрланиб, карантин ҳудудига етказиб берилади. Тиббиёт ходимлари аввал карантинга олинганларга овқат тарқатиб, сўнг ўзлари овқатланишади.

Сайёра Ибрагимованинг айтишича, бу ерда шифокор, ҳамшира, фаррошлар – ҳеч ким ишдан қочмайди, ҳамма бир-бирига ёрдам беради. Буни тушлик тарқатилаётган манзарани кўриб ҳам гувоҳ бўлишингиз мумкин. Тиббиёт гуруҳидагилар, яъни бош шифокордан тортиб фаррошгача – ҳамма тушликни палаталарга тарқатишга киришиб кетишди. Кимдир овқатни косаларга сузса, яна кимдир чой дамлаяпти. Ҳаммага иссиқ овқат тарқатилгачгина шифокорлар ўзлари тамаддига ўтиришади.



















