Бир муддат аввал Ўзбекистонда коронавирус пандемиясидан қийналаётган аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Меҳр-шафқат ва саломатлик» фонди иш бошлаган эди.

Кейинроқ, 20 апрель куни «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббуси илгари сурилди.

Kun.uz мухбири фонд ва ҳаракат тузилмалари ўртасидаги фарқ, уларнинг доирасида аҳолига қай даражада кўмак берилаётгани ва бошқа муҳим саволлар юзасидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова билан қисқа суҳбат ташкил қилди.

— Пандемия даврида қийналаётган аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадини кўзлаган икки хил жамғарма нима учун зарур эди ва улар бир-биридан қандай фарқ қилади?

— «Меҳр-шафқат ва саломатлик» фонди аввалдан Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида мавжуд эди. Маблағи етмаган беморларга мураккаб амалиётлар учун, қимматбаҳо дорилар учун зарурат бўлганда фонд раҳбарига – Соғлиқни сақлаш вазирига мурожаат қиларди. Кенгаш томонидан муҳокама қилиб тасдиқлангандан кейин дори-дармон, даволаш муолажалари учун маблағлар ажратилар эди. Пандемия муносабати билан фонднинг манбалари ва ваколатлари бироз кенгайтирилди. Пандемия шароитида саховатпеша инсонлар сони кўпаяётгани, уларда ёрдам бериш истагининг ортаётганини кўргандан кейин бу борада маблағларни қабул қиладиган ва уларни тизимли, тартибга асосланган ҳолда тақсимлайдиган фонднинг кераклиги учун ташкил этилди.

Фонднинг давлат бюджетида «Маҳалла» фондидан ўз манбалари, аҳоли орасидаги ҳомийлари бор эди. Ҳозирда кузатилаётган пандемия аҳоли учун аввал кузатилмаган янгиликларни олиб келяпти. Ижобий маънода ҳам, салбий маънода ҳам янгиликлар бўлди. Ҳомийларнинг муносабати, бу ҳомийлик ёрдамини тақсимлаш жараёнлари ҳам бизга янгилик. Бу жамғарма ҳам кенг маънода хизмат қилишини ният қиляпмиз.

— Дейлик, ҳозирги жараёнда бирор бир тадбиркор маҳалласидаги 5-6 нафар ёрдамга муҳтож оилани қарамоғига олмоқчи. У ўзи ёрдам кўрсатадиган оилаларни танлаб олган ва бу ҳаракатда ҳам иштирок этмоқчи. Мана шу жараённинг тартибини тушунтириб бера оласизми?

Элмира Боситхонова

— Давлат раҳбари бу умумхалқ ҳаракатнинг асосий тамойилларини эълон қилаётганларида эҳтиёжманд бўлган оилаларнинг рўйхатини ҳам, саховатпеша инсонларнинг рўйхатини ҳам – кимга тақсимланиши, қандай қилса, мақсадга мувофиқ бўлади, санаб ўтгандилар. Чунки саховатпеша инсоннинг ҳам оилани танлашида қандайдир қийинчиликлар бўлиши мумкин. Мана шу масалада маҳалла фуқаролар йиғинини, ҳокимиятдаги сектор раҳбарларининг масъулиятини алоҳида айтиб ўтдилар. Эҳтиёжмандларни ҳам, саховатпешаларни ҳам жамлашда икки тузилма – МФЙ ва ҳокимият секторларининг ҳамкорликдаги иштироки. Бу ҳамкорлик ҳам ҳали етарли эмас, чунки бунинг янада аниқ бўлиши, янада шаффофроқ бўлиши учун бу рўйхатлар депутатларнинг маҳаллий кенгашида муҳокамаларга қўйилади. Муҳокамадан ўтгандан кейин тасдиқланиши ва ижро учун ҳокимиятга берилиши назарда тутилган. Шунинг учун ҳар қандай саховатпеша инсон, албатта, ўзи ёрдам бермоқчи бўлган эҳтиёжманд оилалар бўйича МФЙ раисига мурожаат қилади.