Жаҳон | 16:05 / 05.05.2020
10403
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Кореяда жума ва таровеҳ намозларини масжидда ўқишга рухсат берилди

Корея Республикасида 6 майдан бошлаб жума ва тавореҳ намозларини масжидларда ўқишга рухсат берилмоқда. Бу ҳақда Корея мусулмонлар федерацияси маълум қилди.

Сеулдаги марказий масжид

Жанубий Кореяда коронавирус эпидемияси сабабли февраль ойининг сўнгги ҳафтасидан бошлаб масжидлар фаолияти вақтинча тўхтатилган эди. Шунингдек, 5 майга қадар жума ва таровеҳ ибодатларини масжидларда адо этиш ва ифторлик маросимлари ўтказишга чеклов қўйилганди.

Эндиликда, 6 майдан бошлаб, қатор талабларга риоя этган ҳолда жума ва таровеҳ намозларини жамоат бўлиб ўқишга рухсат берилди.

Бунда:

  • масжидга киришда қўлларни антисептик воситалари билан тозалаш,
  • тиббий ниқобда бўлиш,
  • масжид ичида ҳам бир метрлик масофа сақлаш,
  • масжидга киришда белгиланган рўйхатга исм-фамилияларини ёзишлари талаб этилади.

Бу талабларга амал қилмаганларга масжидга киришга рухсат берилмайди.

Хабарда қўшимча қилишича, бу йил Кореяда закот миқдори бир киши учун 7 минг вон (тахминан 6 долларга яқин) этиб белгиланган.

Маълумот учун, Жанубий Кореяда 10800 дан ортиқ кишига Covid-19 ташхиси қўйилган, шундан 9300га яқин бемор тузалиб, 254 киши вафот этган.

Сўнгги икки ҳафтадан бери кунлик зарарланишлар сони ўртача 10тадан камроқни ташкил этмоқда.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид