Коронавирус пандемияси ҳақида мутахассислар турлича нуқтайи назарни илгари суришмоқда. Ижтимоий тармоқларда ҳам кўплаб фикрлар билдирилмоқда. Масалан, «пандемия сабаб мажбуриятни бажариш шарт эмас, фоизлар тўланмайди ва ҳ.к.».

Ушбу фикрлар ҳаммаси ҳам тўғри бўлмаслиги мумкин. Шу боисдан мазкур масалада фикр билдириш зарурати мавжуд. Бу нафақат илмий-назарий ёки соҳага доир масала, балки амалий жиҳатдан ҳам содда, оддий тилда тушунтирилиши ва тўғри татбиқ этилиши зарур бўлган масалалардан биридир.

Айтиш мумкинки, коронавирус пандемияси форс-мажор, енгиб бўлмас куч сифатида мажбуриятларни бажармаслик, лозим даражада бажармаслик, етказилган зарарни қоплаш ёки қопламаслик масаласига бевосита дахл қилади.

Шунинг учун ҳам коронавирус пандемиясини – енгиб бўлмас куч – форс-мажор, вазиятни жиддий ўзгариши, мажбуриятни бажаришнинг мумкин бўлмаслиги деб талқин қилиш мумкин.

Енгиб бўлмас куч

Аввало, форс-мажор ҳолатига тўхталиб айтиш мумкинки, аксарият ҳолларда шартномада бу ҳақда кўрсатишга ҳаракат қилинади. Масалан, сув тошқини, иш ташлашлар, тартибсизлик ва ҳ.к. Бироқ, 2019 йил якунида ҳам бирор бир давлатда тузилган шартномада коронавирус пандемияси форс-мажор сифатида кўрсатилмаган. Тўғрироғи, буни олдиндан кўришнинг ҳам иложи йўқ эди.

Шу боисдан ФКнинг 333-моддасида башарти, қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган шахс мажбуриятни лозим даражада бажаришга енгиб бўлмайдиган куч, яъни фавқулодда ва муайян шароитларда олдини олиб бўлмайдиган вазиятлар (форс-мажор) туфайли имкон бўлмаганлигини исботлай олмаса, жавобгар бўлади.

Демак, ҳодиса кутилмаганда рўй бериши, унинг олдиндан олдини олиш иложсизлиги туфайли рўй берса, бу форс-мажор ҳисобланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 15 февралдаги 63-сон қарори билан тасдиқланган Енгиб бўлмайдиган кучлар ҳолатларини тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низомда форс-мажор тушунчаси берилган.

Унга кўра, форс-мажор – Ўзбекистон Республикаси ҳудудида содир бўлган томонларнинг иродаси ва фаолиятларига боғлиқ бўлмаган табиат ҳодисалари (зилзила, кўчки, бўрон, қурғоқчилик ва бошқалар) ёки ижтимоий-иқтисодий ҳолатлар (уруш ҳолати, қамал, давлат манфаатларини кўзлаб импорт ва экспортни тақиқлаш ва бошқалар) сабабли юзага келган шароитларда