Унга кўра, иқтисодий нуқтайи назардан пандемиядан кейинги келажакнинг 4 хил вариантини тахмин қилиш мумкин: давлат капитализми, варварлик, давлат социализми, ўзаро ёрдамга асосланган тизим.
1-сценарий: давлат капитализми
Бу – ҳозир аксарият давлатлар қўллаётган доминант сиёсат шакли. Капитализм товар айирбошлаш жараёни (яъни олди-берди)ни иқтисодиётни ҳаракатга келтирувчи асосий куч сифатида кўради, шу боис савдо ва ишлаб чиқариш жараёнини тиклашга зўр беради.
Аммо ишчилар ўз саломатлигидан хавфсирагани учун ишга чиқмай қолиши эҳтимоли йўқ эмас. Оқибатда бозор инқироз ёқасига келиб қолганда давлат ёрдамига боғлиқ бўлиб қолади. Натижада давлат кредит бериш тизимини кенгайтиришга, тадбиркорлик субъектларига маблағ манбаларни тақдим қилишга ўта бошлайди.
Бу сценарий пандемия қисқа вақт давом этганда ва уни назорат қилиш мумкин бўлиб тургандагина қўл келиши мумкин. Узоқ давом этадиган пандемия шароитида эса давлат бозорни ушлаб туриш учун тобора кўпроқ ресурс тикишига тўғри келади, аммо бунинг уддасидан қанчалик чиқа олиши мавҳум.
2-сценарий: варварлик
Бу – содир бўлиши мумкин бўлган энг ёмон сценарий.
Пандемия хавфи ҳали юқори бўлиб турган вазиятда одатий турмуш тарзига қайтишга ҳаракат қила бошлаган давлатларда шундай сценарий кузатилиши мумкин. Яъни олди-берди ҳаракатларини тиклаш асосий принцип бўлиб, аҳоли ҳаёт хавфсизлиги иккиламчи масалага айланади.
Давлат инқирозли вазиятларга чидамли механизмларга эга бўлмагани ҳолда бозорни сақлашга ҳаракат қилади. Саломатлиги билан боғлиқ муаммолар ёки ишсизлик туфайли бозордан ташқарида бўлиб қолган аҳоли қатлами қўллаб-қувватланмайди. Аҳоли саломатлиги билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилмай, шифохоналар ёмон ишласа, давлат тадбиркорлик субъектлари ва бозорларни сақлаб қолиш учун самарали механизмлар ярата олишнинг уддасидан чиқмаса, хаос ва варварлик юзага кела бошлайди.
Иқтисодий беқарорлик ижтимоий ва сиёсий хавотирларга сабаб бўлади, давлат тизими жамият фаровонлигини таъминлашнинг уддасидан чиқа олмайди.
3-сценарий: давлат социализми
Ҳукуматлар танлаши керак бўлган энг қулай йўл шу. Ишчиларга пул тўлаш – бозорни ҳимоя қилиш инструменти сифатида эмас, балки аҳоли ҳаётини ҳимоя қилиш мақсадида қилинади. Давлат иқтисодиётнинг ҳаёт учун зарур бўлган соҳаларигагина – озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, энергия, турар-жой масаласига аралашади.


















