Қарийб 20 йилдан буён Англияда яшаётган ватандошимиздан хорижда яшаб, фарзанд тарбиялашнинг баъзи жиҳатлари ҳақида ҳам сўрадик.
– Буюк Британияда ўқитувчининг мавқейи, одамларнинг бу касб эгаларига муносабати қанақа?
– Бу оилалардаги дунёқарашга боғлиқ. Ўқишга қизиқмайдиган оилаларда ўқитувчиларни яхши кўришмайди, улар учун ўқитувчи – бошоғриқ: доим телефон қилади, «ўғлингиз уй вазифасини қилмади, тўполон қилди», дея. Бундай оилалар ўқитувчиларни ёқтиришмайди.
Ўқишга қизиққан, илмга бефарқ бўлмаган табақа вакиллари эса, албатта, ўқитувчиларни ҳурмат қилишади. Жамиятда ўқитувчиларга нисбатан умумий бир фикр шаклланган, деб ҳисобламайман.
Умуман олганда, бу ерда ўқитувчиларга муносабат Ўзбекистондагичалик бўлмаса керак. Ҳозир қанақа, билмадим, лекин ўзим ўқиган ва ишлаган вақтимда ўқитувчининг айтганини қилиш, ўқитувчига нисбатан ота-оналарнинг ҳурмати кабилар бизда бошқача эди.
Бизда ўқитувчининг айтгани айтган, Англияда эса ундай эмас. Ўқитувчи хато қилса, ота-она ёки ўқувчилар унинг хатосини айтишади. Ўқитувчи сўзсиз ҳурмат қилиниши керак, деган нарса йўқ. Унга ўз вазифасини бажараётган давлат хизматчиси сифатида қарашади.

Шахсан ўзим Британияда дарс бера бошлаганимда энг қийин бўлган жиҳат – синфдаги болаларнинг менталитетини тушуниш, уларни бошқара олиш. Бошқариш учун уларнинг дунёқарашини тушунишингиз, қайси кўрсатмага улар қанақа реакция қилишини билишингиз керак.
Айни шу нарса мен учун маданий шок бўлган. Ўзбекистонда дарс бериб юриб, кейин бу ердаги таълимга ўтишим мен учун катта ўзгариш бўлган. Бошида қийналганман: синфга кирсам, болалар қулоқ солмасди, айтганимни қилмасди, уйга вазифаларни бажаришмасди, тўполон қилишарди. Булар нега ўзларини ундай тутишяпти, деб тушунмасдим.
Ўзбекистонда шунча дарс берган бўлсам, менда унақа нарса бўлмаганди. Болалар гапимга қулоқ солар, ўқувчилар ҳам, ота-оналар ҳам ҳурмат билан муомала қиларди. Бу ерда эса сизни ҳурмат қилишлари учун ҳурмат қозонишингиз керак.

















