6 май куни миллий қонунчилик базасига Ўзбекистон Республикаси президентининг 1 май куни имзоланган «Сирдарё вилоятида жойлашган Сардоба сув омбори тўғонида юзага келган фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармойиши жойлаштирилди.

Сув омбори тўғонидан сув тошиши оқибатларини бартараф этиш ва ҳодиса сабабларини ўрганиш бўйича 1 май куни тузилган, бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлигидаги ҳукумат комиссияси зиммасига қуйидаги вазифалар юкланган:

  • «Сардоба сув омбори» тўғонидан сув тошиши оқибатида иқтисодиёт тармоқларида, биринчи навбатда, қишлоқ хўжалиги, йўл-транспорт ва ирригация тизимлари, ижтимоий соҳа, аҳоли уй-жой фонди, нотурар жой биноларига етказилган зарар ва йўқотишлар миқдорини аниқлаш ва баҳолаш;
  • сув тошқини оқибатида эвакуация қилинган ва зарар кўрган фуқароларга амалий кўмак кўрсатиш, вақтинча турар жой, озиқ-овқат, тиббий-психологик ёрдам ва бошқа зарур шароитларни яратиш;
  • сув тошиши оқибатларини тезкорлик билан бартараф этиш, ижтимоий-иқтисодий, муҳандислик-транспорт коммуникациялари, қишлоқ хўжалиги ва ирригация инфратузилмаси ҳамда бошқа ҳаётий муҳим объектлар ва тизимларни, уй-жой ва коммунал хўжалигини тиклаш ва ишчанлик ҳолатига келтириш;
  • қурилиш-тиклаш ишларига зарур бўладиган барча турдаги қурилиш материалларининг миқдорини аниқлаш ва уларни республиканинг турли ҳудудларидаги ишлаб чиқариш корхоналаридан керакли ҳажмда етказилишини таъминлаш;
  • қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида етказилган зарарлар, экин майдонларидаги йўқотишлар ва нобудгарчиликлар ўрнини қоплаш, ирригация ва мелиорация тармоқларини тиклаш чораларини кўриш;
  • тез кунларда нобуд бўлган экин майдонларини тўлиқ ўрганиб чиқиб, қисқа муддатларда бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экишни ташкил этиш, зарар кўрган қишлоқ хўжалиги объектларини тиклаш бўйича зарур чора-тадбирларни белгилаш;
  • «Сардоба сув омбори» тўғонидан сув тошишига олиб келган сабабларни ҳар томонлама чуқур ва атрофлича ўрганиш ҳамда келгусида бундай ҳолатларнинг республика миқёсида олдини олиш бўйича амалий таклифларни ишлаб чиқиш;
  • республикамизнинг бошқа ҳудудларида жойлашган гидротехника иншоотлари жисмоний хавфсизлиги, яхлитлиги ва бутлигини доимий мониторинг қилиш, ўз вақтида назорат-профилактика тадбирларини ташкил этиш, сув омборлари ва тўғонларга туташ ҳудудлар ва аҳоли пунктларида истиқомат қилаётган фуқароларни фавқулодда вазият юзага келиши хавфи ҳақида хабардор этиш тизимини такомиллаштириш юзасидан аниқ чоралар кўриш;
  • сув омборлари ва тўғонлардан сув тошиши даврида мутасадди вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва фавқулодда хизматлар, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат ташкилотларининг хатти-ҳаракатлар алгоритми ва ўзаро ҳамкорлигининг самарали механизмларини яратиш.