Ваколатхона раҳбарининг маълум қилишича, айни дамда Жанубий Кореяда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг умумий сони 73706 нафар (31 март ҳолатига), шундан, меҳнат муҳожирларининг сони 35 мингдан ортиқ бўлиб, рўйхатдан ўтмаган муҳожирлар - (ID картага эга эмас) 18 540, ноқонуний меҳнат муҳожирлари сони 13 500 га яқин нафарни ташкил этади.
- Март ойи бошларида Жанубий Корея коронавирусга чалинганлар сони бўйича Хитойдан кейинги ўринга жойлашди. Бу эса Кореядаги ҳамюртларимизнинг хавотирларига сабаб бўлди. Ҳозир эса вазият анчайин юмшаган. Корея ҳукумати ушбу инфекцияга қарши қандай курашди?
- Коронавирус Жанубий Кореяда илк марта 21 январь куни қайд этилганидан кейин ҳукумат томонидан ушбу вирусга қарши курашиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошида махсус гуруҳ ташкил этилди ва фуқароларни сўнгги янгиликлардан хабардор қилиб борувчи интернет саҳифаси ишга тушди. 29 февралда эса коронавирусга чалинганлар сони кескин ошиб, шу куннинг ўзида 900дан ортиқ кишида вирус аломатлари аниқланди. Шу куни мамлакатда коронавирус катта эпидемик хавф сифатида эълон қилинди.
Корея фуқароларининг давлат томонидан жорий этилган фавқулодда қарорларига масъулият билан итоат этиб, эпидемияга қарши бир ёқадан бош чиқариб, ҳаракат қилишгани менинг эътиборимни тортди. Ҳукумат касаллик тарқалиш тезлигини камайтириш учун икки муҳим тамойил остида иш олиб борди: шаффофлик, яъни коронавирус билан боғлиқ барча зарур маълумотлар (касалланганлар, соғайганлар, вафот этганлар сони (шахсини ошкор этмаган ҳолда), уларнинг яшаш манзили, коронавирус юқиш эҳтимоли мавжуд бўлган ҳудудлар ва ҳ.к.)ни очиқ-ойдин ўз вақтида аҳолига етказиш ҳамда вирусга чалиниши эҳтимоли мавжуд бўлган инсонларни оммавий тарзда эрта тест синовидан ўтказиш. Корея аҳолиси “ижтимоий масофаланиш” қоидасига масъулият билан ёндашган ҳолда изоляция режимидан муваффақиятли ўта олди.

Жанубий Кореядаги ваколатхонаси раҳбари Алишер Сулаймонов
- Ҳозирда коронавирус сабабли Ўзбекистонга қайта олмаган фуқароларимизнинг визалари муддатини узайтириш масаласи қандай ҳал бўлмоқда?














