Жаҳон | 01:13 / 09.05.2020
26133
2 дақиқада ўқилади

Олмаота халқаро аэропорти 415 млн долларга сотилди

Туркиянинг TAV Airports Holding холдинги Олмаота халқаро аэропортининг 100 фоиз акциясини сотиб олди. Битим қиймати 415 млн долларни ташкил қилган.

Фото: baigenews.kz

Бу ҳақда турк холдинги матбуот хизматига таяниб Tengrinews.kz нашри хабар берди.

Таъкидланишича, акциялар барча юридик жараёнлар якунлангандан кейин янги эгасига топширилади.

“Қозоғистон минтақада ҳам географик, ҳам иқтисодий жиҳатдан энг йирик давлат ҳисобланади. Олмаота эса мамлакатнинг энг йирик шаҳри бўлиб, унга мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 20 фоизи тўғри келади. Бундан ташқари, у Хитой, Европа ва Африкани боғловчи “замонавий Ипак йўли”нинг марказидир. Унда яхши салоҳият бор ва биз ўз билимларимизга таяниб, уни тўлиқ ҳажмда амалга ошириш устида ишлаймиз”, деб айтган холдинг президенти ва бош директори Сани Шанар.

Очиқ манбаларга кўра, Олмаота аэропортининг 100 фоиз акцияси Venus Airport Investment B.V. компаниясига тегишли.

Аввалроқ аэропорт турк компаниясига сотилиши мумкинлигини маълум қилинган. Шунингдек, аэропорт терминалини кенгайтириш учун 270 млрд тенге сарфланиши режалаштирилаётгани маълум бўлган.

Маълумотларга кўра, TAV Airports Holding холдинги 1997 йилда Tepe ва Akfen компаниялар гуруҳи томонидан ташкил этилган. Асосий фаолияти Истанбулдаги Отатурк номидаги аэропорт, Анқарадаги Эсенбоға аэропорти ва Туркиянинг яна бир қанча аэропортларидаги халқаро терминалларни бошқариш ҳисобланади.  

Компания, шунингдек, Тбилиси ва Батумидаги, Тунисдаги Хабиб Бургиб номидаги, Саудия Арабистонидаги Мадина ва Хорватиядаги Загреб аэропортларини бошқаради. Компания 2018 йилда 152 млн йўловчига ва 1 млнтага яқин рейсга хизмат кўрсатган.