Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ғалаба боғидаги Шон-шараф музейини кўздан кечирди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.

Билдирилишича, давлати раҳбари аввалги чиқишларида Ўзбекистон халқининг Ғалабага қўшган ҳиссасини янада чуқурроқ ўрганиш зарурлигини таъкидлаган эди. Шундан сўнг бу борада катта илмий тадқиқотлар қилинди. Илгари ёпиқ бўлган тарихий ҳужжатлар ҳам ўрганилди. Чет эллардаги архив ташкилотлари, музейлар, олимлар билан ҳамкорлик натижасида қаҳрамон аждодларимиз ҳақида янги маълумотлар қўлга киритилди.
Шу вақтга қадар Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистондан 1 миллион 500 мингга яқин киши иштирок этган, деб ҳисобланар эди. Янги топилган маълумотларга кўра, 1 миллион 951 мингга яқин киши урушга сафарбар этилгани аниқланди. Шунингдек, 200 мингдан зиёд аскар ва офицерларимиз жанговар давлат мукофотлари билан тақдирлангани ҳужжатлар орқали ўз тасдиғини топди.
Юртда қолган аёллар, кексалар, ёш болалар ҳам чинакам қаҳрамонлик кўрсатганлар. Етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган барча одам ҳаловатдан воз кечиб, тинимсиз меҳнат қилган. Республикадан жанг майдонларига самолёт ва танклар, қурол-яроғ, улкан миқдорда озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотлар етказиб турилган.

Минглаб уруш қатнашчилари Ўзбекистонда ташкил этилган ҳарбий госпиталларда даволанган. Янги аниқланган маълумотларга кўра, уруш ўчоғига айланган ўлкалардан юртимизга 1 миллион 500 минг киши, жумладан, 250 мингдан зиёд бола эвакуация қилинган. Халқимиз уларга ўз уйидан жой бериб, сўнгги бурда нонини ҳам баҳам кўрган.
Элимизнинг бу жасорати, меҳр-мурувват ва инсонпарварлик фазилатлари ҳали ҳамон шон-шараф мактаби, ғурур-ифтихор манбаи бўлиб келмоқда. Вақт ўтгани сайин бу ўлмас қадриятларнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда.
Шон-шараф музейида ана шундай шонли тарих ўз ифодасини топган. Тарихий факт ва воқеалар замонавий технологиялар, интерактив усуллар ёрдамида акс эттирилган.
Давлат раҳбари музей экспозицияси билан танишди. Бу ердаги экспонатлар Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабага катта ҳисса қўшган халқимизнинг жасоратини тараннум этишга, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилишини таъкидлади.
- Бу музейнинг пайдо бўлиши адолатнинг тикланиши демакдир. Тарихимизнинг бир қисми бўлган уруш воқеаларини бир жойда намоён этадиган бундай маскан йўқ эди. Бу ишлардан мақсад-муддаомиз - халқимизнинг Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабага қўшган буюк ҳиссасини тарихга муҳрлаб қўйиш, ёш авлодларга етказиш. Юз йиллардан кейин ҳам одамлар келиб, уруш воқеалари ва оқибатларини, тинчлик қадрини билиши керак, - деди президент.






















































