Жанубий Корея ҳукумати 9 май куни 18 кишида вирус аниқлангани ҳақида маълум қилди, 10 май куни 34та янги ҳолат ҳақида эълон қилинди - бу сўнгги ой ичидаги энг юқори кунлик ўсиш кўрсаткичи бўлди, шундан 26 ҳолат манбаси мамлакат ичкарисидаги беморлар, 8 ҳолат хориж билан боғлиқ (сўнгги марта 12 апрель куни 32 кишига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган, 30 апрель куни эса мамлакатда бирорта янги ҳолат қайд этилмаганди). Президент Мун Жэ Ин мамлакатда вирус эпидемиясининг иккинчи тўлқини бошланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
Мамлакатда 6 майдан фақат эҳтиёткорлик ва профилактика чораларига риоя қилишни кўзда тутувчи «кундалик ҳаётдаги карантин» режими жорий этилганди. Эндиликда ҳукумат чекловларни қайтарди ҳамда барча барлар ва ресторанлар ёпилди.
Бунга коронавирус юқтиргани гумонланган 29 ёшли йигит 2 майга ўтар кечаси Итэвон шаҳридаги 5та тунги клубга бориб, кўп одамлар билан мулоқотда бўлган. Кейинчалик унга вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган. 9 май куни тасдиқланган 18та ҳолатнинг 17таси айнан у билан боғлиқлиги маълум бўлган. Ҳукумат шу вақт оралиғида тунги клубда бўлган 1,5 мингга яқин одамни топиб, уларни текширишни буюрган.
Айни вақтга келиб Жанубий Кореяда коронавирусга чалиниш ҳолатлари сони 10 874тага етди, беморларнинг 9 610 нафари соғайган, 256 нафари вафот этган. 1008 киши шифохоналарда даволанмоқда.
Германияда ҳам янги ҳолатлар ўса бошлади; бу мамлакатда чоршанба куни карантин чоралари енгиллаштирилганди.

Роберт Кох номидаги Инфекцион касалликлар тадқиқотлари бўйича институт маълумотларига кўра, бир кишининг бошқаларга касаллик юқтиришини ифодаловчи репродуктив сон — R кўрсаткичи 1,1’дан ошган. Германияда 9 май куни 736та янги ҳолат қайд этилди, 10 май куни беморлар сони 315тага ошди. Жами зарарланиш ҳолатлари сони 171 639тага етган, 7,5 мингдан ортиқ бемор вафот этган.
Социал-демократлар партиясидан Бундестаг депутати, профессор-вирусолог Карл Лаутербах коронавирус яна кенг кўламда тарқала бошлашидан огоҳлантирди. У шанба куни ўз шаҳри Кёльн кўчаларида тўп-тўп бўлиб юрган ҳамшаҳарларини кўргач, шундай баёнот билан чиқди.
«Бу шунга олиб келадики, R кўрсаткичи бирдан ошади ва биз касаллик геометрик прогрессия тарзида тарқалишига гувоҳ бўламиз. Чоралар юмшатилишига жуда бўш тайёргарлик кўрилган», - дея ёзган у твиттердаги саҳифасида


















