Президентнинг “Ўзбекистон Республикасида идентификациялаш ID-картани расмийлаштириш ва бериш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификациялаш ID-картаси тўғрисидаги низом;

Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификациялаш ID-картаси тўғрисида низом тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификациялаш ID-картаси тўғрисидаги низомга кўра, ID-карта эгасининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилади.

ID-карта Ўзбекистон Республикаси фуқароларига туғилганидан бошлаб берилади. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари 18 ёшдан ID-картага эга бўлишлари шарт.

ID-карта фуқароларга қуйидаги амал қилиш муддатларига берилади:

туғилган кунидан бошлаб бир ёшгача – икки йил муддатга;

бир ёшдан 16 ёшгача – 5 йил муддатга;

16 ёшдан ошган шахсларга – 10 йил муддатга.

Фуқаро 14 ёшдан бошлаб ID-карта расмийлаштиришда бармоқ изларини топшириши шарт.

Фуқаро доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинган Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига (МваФРБ) ID-картани олиш учун 18 ёшга тўлгандан сўнг бир ойдан кечикмасдан мурожаат этиши лозим.

ID-картани алмаштириш учун эса ID-карта муддати тугагандан сўнг бир ойдан кечикмасдан мурожаат этади.

Фуқаро ID-картани яроқсиз ҳолга келтирганда ёки йўқотиб қўйган тақдирда, унга янги ID-карта Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида” ги Қонунида белгиланган миқдорда қўшимча тўлов асосида расмийлаштириб берилади.

Ўзгалар ёрдамига муҳтож қариялар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ID-карта расмийлаштириш ва бериш тегишли мурожаат асосида белгиланган тартибда ушбу шахсларнинг доимий яшаш ёки бўлиш жойига борган ҳолда амалга оширилади. Ушбу хизмат учун алоҳида ҳақ ундирилмайди.

ID-карта қатъий ҳисобга олинадиган ҳужжат ҳисобланади. ID-карталарни персоналлаштириш ва йўқ қилиш – МваФРБ амалга оширилади.