Жамият | 08:08 / 15.05.2020
7829
2 дақиқада ўқилади

2,5 километрга тенг ичимлик суви қувурларини ўғирлаган шахслар ушланди

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди (жуда кўп миқдордаги ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Фото: Тергов департаменти

Жорий йилнинг 9 февраль кунидан 14 февраль кунига қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахслар, Навоий кон металлургия комбинати Ташқи сув таъминоти бошқармаси ҳисобидаги “Караката" насос станциясига қарашли темир сув қувурларининг Конимех тумани “Караката” овул ҳудудидан ўтган қисмидан 2 457 метр бўлган темир сув қувурларини ернинг устки қатламига чиқиб очилиб қолган жойларидан кесиб олган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти ахборот хизмати хабарига кўра, улар сув қувурларини яширин равишда талон-тарож қилиб, комбинатга жами бўлиб 196 959 116 сўмлик моддий зарар етказган.

Ҳолат юзасидан Конимех тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди (жуда кўп миқдордаги ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари давомида мазкур жиноят муқаддам судланган 33 ёшли Ш.О., 34 ёшли Ф.К. ва Б.Р. томонидан содир этилганлиги аниқланган. 

Жиноят иши бўйича Ш.О., Ф.К. ва Б.Р.га тегишли модда билан айб эълон қилиниб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Мавзуга оид