The New York Times инқирознинг автосаноатга таъсирига бағишланган таҳлилларни эълон қилди.

Пандемия автомобил харидига икки хил таъсир кўрсатиши мумкин – ё карантин режимида одамлар уйдан туриб ҳам кўп иш қила олишларини англагач, машинадан камроқ фойдалана бошлашади, ёки аксинча жамоат транспортларида одамлар билан тўқнаш келмаслик мақсадида шахсий автоуловдан кўпроқ фойдаланишга ўтишлари мумкин.

Автосаноатда кузатиладиган реконструкция ушбу соҳада меҳнат қилаётган 8 млн кишининг ҳаётига таъсир этмай қолмайди.

Чехиядаги Skoda Auto заводи. 2008 йилда бошланган инқироздан кейин Европа иттифоқида автомобил савдоси тикланиши учун қарийб 10 йил керак бўлди
Фото: Dawid W Cerny/Reuters

Инқирозга қадар ҳам вазият ҳавас қилгудек эмасди

Коронавирус пандемияси сабабли заводлар, дилерлик марказлари ёпилиб, савдо тушиб кетишидан аввал ҳам автосаноат оғир йилни бошдан кечираётган эди.

2008 йилда бошланган инқироздан кейин Европа иттифоқида автомобил савдоси тикланиши учун қарийб 10 йил, АҚШда эса 5 йил керак бўлди. Аммо сотув ҳажми 2015 йилдан бери ўзгаргани йўқ.

Дастлаб Хитойда савдонинг жадаллашиши зарарни компенсация қилиш имконини берган бўлса-да, 2018 йилдан бошлаб бозорда яна пасайиш кузатилмоқда.

Volkswagen, Daimler, Fiat Chrysler ва бошқа компаниялар йиғув линияларини секинлик билан қайта ишга тушира бошлаган ҳозирги пайтда автобизнес вакиллари инқироз оқибатлари ҳақида бош қотирмоқда.

Меҳнат муносабатларидаги зиддиятлар

Таҳлилларга кўра, пандемияга қадар дунё бўйича автосаноат корхоналари заруратдан 20 фоиз ортиқча ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган. Фойдаланилмайдиган бу ишлаб чиқариш қуввати харажат талаб этса-да, даромад олиб келмасди. Савдонинг кейинчалик ҳам тушиб боришини инобатга олган ҳолда, фойдаланилмаётган иш қувватини ёпиш компанияларнинг сақланиб қолишига ёрдам бериши мумкин.

«Европадаги баъзи йирик компаниялар чиндан ҳам кураш олиб боради», дейди Кардифф бизнес мактаби қошидаги автомобил саноати соҳасида тадқиқотлар маркази директори Питер Уэллс.