Бир неча кун олдин қарийб 20 йилдан бери Буюк Британияда яшаётган тажрибали педагог Мардон Юсупов билан суҳбатни тақдим этган эдик. Бугун эса ушбу ватандошимизнинг тўнғич фарзанди Имрон билан танишамиз.

14 ёшли Имрондан қизиқишлари, мактаби, Ўзбекистонга икки марта борганида қандай таассуротлар билан қайтгани ҳақида сўрадик.

«Технологияга боғлиқ нарсаларга қизиқаман. Масалан, шу компьютерни ўзим ясаганман. Ҳозир яна битта компьютер устида ишлаяпман. Бу мен учун жуда завқли», – дейди суҳбатдошимиз барча қисмларини ўзи териб чиққан десктопига ишора қилиб.

Ундан буни қандай уддалагани ҳақида сўрадик.

«YouTube`дан. Асосан видеолар кўриш орқали. Компьютер ясаган дўстларим бор, улардан ҳам ёрдам сўрадим.

Бу компьютеримни жуда яхши кўраман, ундан ғурурланаман ҳам. Анча вақтим шу билан ўтади, интернет орқали кўп янги нарсаларни ўрганаман. Бирор технологиядан фақат фойдаланиш эмас, у қандай ишлашини билишга қизиқаман. Булар ҳаммаси қандай тузилганини билгим келади», дейди у.

Имрон мактабда ҳам технологияларга алоқадор фанларга кўпроқ эътибор қаратишини айтди.

«Эҳтимол дастурчи бўларман. Балки компьютер яратиш билан шуғулланарман. Хуллас, ахборот технологиялари соҳасида фаолият олиб бормоқчиман».

Ўзбекистонга боргани ҳақида

Имрон ўзбек тилини тушунса-да, гапиришга қийналади. «Болалигимда инглизчага тилим келишиши учун ота-онам кўпроқ инглиз тилида гапиришга ўргатган. Улар менга ўзбек тилида гапириб туришади, лекин мен инглизчада жавоб қайтараман», – дейди у.

Ёш суҳбатдошимиз Ўзбекистонга икки марта борган.

«Биринчи марта борганимда жуда ёш бўлганман, шунинг учун яхши эслай олмайман. Иккинчи марта борганимда (2019 йилда) қариндошларимизни кўриб жуда хурсанд бўлгандим. У ердаги аквапарк зўр эди. Ёзда боргандик, ҳаво жуда ҳам иссиқ эди, бунчалик иссиқ ҳаво менга унча ёқмаган. Ўзбек таомлари эса роса ёққан. Бизда ҳам ёз у ердагидек узоқ давом этишини хоҳлардим.