Жаҳон | 01:07 / 17.05.2020
14955
3 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони жамғармаси нархлар тушганидан фойдаланиб АҚШдаги энг йирик компаниялар акцияларини сотиб олди - ОАВ

Жамғарма Boeing, Citigroup, Facebook, Disney, Bank of America, Berkshire Hathaway каби компанияларнинг бир неча миллиард долларлик акцияларини сотиб олган.

Фото: ИЗВЕСТИЯ/Александр Казаков

Саудия Арабистони суверен жамғармаси (Public Investment Fund, PIF) нефть нархи арзонлашиши ва коронавирус пандемияси сабабли акциялар нархининг тушиб кетишидан фойдаланиб Америкадаги етакчи компаниялар ва банкларнинг миноритар улушларини сотиб олди. Бу ҳақда АҚШ қимматли қоғозлар ва биржалар бўйича комиссиясига таяниб CNBC телеканали хабар берди

Суверен жамғарма ушбу комиссияни Boeing корпорациясининг 713,7 млн долларлик улушини, Citigroup банкининг 522 млн долларлик қимматли қоғозларини ва Facebook компаниясининг шунча миқдордаги улушини сотиб олганидан хабардор қилган. Жамғарма шунингдек, Disney компанияси акцияларига 495,8 млн, Bank of America акцияларига 487,6 млн доллар сарфлаган ва миллиардер Уоррен Баффеттга қарашли Berkshire Hathaway фондининг кичикроқ пакетини сотиб олган. 

The Wall Street Journal апрелда Саудия Арабистони суверен жамғармаси бир неча ҳафта давомида Норвегиянинг Equinor, Англия-Голландиянинг Royal Dutch Shell, Франциянинг Total ва Италиянинг Eni компаниялари акцияларини қарийб 1 млрд долларга сотиб олганини ёзганди. 

Bloomberg агентлиги ўз манбаларига таяниб ёзишича, Саудия Арабистони суверен жамғармаси инвестиция банкларидан қарийб 10 миллиард доллар қарз олмоқчи. Агентлик манбаларига кўра, жамғарма дунёдаги энг йирик компанияларнинг акцияларини сотиб олиши учун унга ликвидлик керак. 

Саудияликлар пандемия бошланганидан буён ўз улушларини оширмоқда, деб ёзади Bloomberg. Ушбу стратегияни апрель ойида жамғарма бошқарувчиси Ёсир ал-Румайян ҳам ҳам тасдиқлаган: унинг сўзларига кўра, жамғарма инқироз туфайли иқтисодий силкинишлар очадиган барча имкониятларни ўрганмоқда. 

Жамғарма раҳбари ушбу жамғарма "кўплаб имкониятларни" кутаётганини айтган ва жумладан, авиакомпаниялар, энергетика ва кўнгилочар компанияларни ҳам эслаб ўтганди.

Bloomberg манбаларининг таъкидлашича, жамғарма глобал инвестиция портфелини кенгайтиришга қарор қилган. Унинг инвестицион харидлари орасида Carnival Corp круиз оператори, Marriott International Inc меҳмонхоналар тармоғи, Suncor Energy ва Canadian Natural Resources каби энергетика компаниялари улушлари бор, деб ёзади агентлик.

Мавзуга оид