Бу ҳақда Молия вазирлиги тақдим қилган «2020 йил I чорак якунлари бўйича Давлат бюджети ижроси тўғрисида ахборот-таҳлилий шарҳ»да айтилган.

Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетининг 2020 йил I чоракдаги даромадлари 28,5 трлн. сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,4 трлн. сўмга кўпни ташкил этди.

Шундан 23,8 трлн. сўм (83,5 фоиз) – солиқлардир. Солиқ тушумлари ўтган йилнинг I чораги билан солиштирганда 5,3 трлн. сўмга кўпайган.

«Йирик солиқ тўловчилар бўйича минтақалараро инспекция тўлиқ фаолият юрита бошлади ва 15,4 трлн. сўм ёки солиқ органлари томонидан маъмурийлаштириладиган барча даромадларнинг 65 фоизи йиғилишини таъминлаб берди», – дейилади докладда.

Ҳисобот даврида божхона тўловлари тушуми 4,8 трлн. сўмни ташкил қилган. Ўтган йилнинг шу даврида бу миқдор 3,4 трлн. сўм бўлган эди.

Бу тушумлар орасида энг катта улушни қуйидагилар ташкил этди: импорт қилинадиган товарлар бўйича қўшилган қиймат солиғи - 3,8 трлн. сўм, акциз солиғи – 0,2 трлн. сўм, божхона божи – 0,6 трлн. сўм.

Солиқлар кесимида давлат бюджети даромадларининг асосий улуши қуйидагилар ҳисобидан шакллантирилди: ҚҚС – 7,2 трлн. сўм (умумий тушумларнинг 25,4 фоизи), фойда солиғи – 6,3 трлн. сўм (22,1 фоиз), жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи – 3,6 трлн. сўм (12,5 фоиз), ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ – 3,9 трлн. сўм (13,6 фоиз) ва акциз солиғи – 3,2 трлн. сўм (11,1 фоиз).

Қўшилган қиймат солиғи бўйича жорий йил I чорагидаги тушумлар (7,2 трлн. сўм) ўтган йилнинг шу даври билан солиштирганда 0,5 трлн. сўмга камайди. Тушумлар ҳажмининг камайишига солиқнинг 20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилиши, шунингдек янги таҳрирдаги Солиқ кодекси қабул қилиниши билан 2020 йил 1 январдан янги қоидаларнинг кучга киритилиши омил бўлди.

Январь-апрель ойларида солиқ тушумлари прогнози ортиғи билан бажарилгани маълум қилинди