Мамлакат бош прокурори Уильям Барр 18 май куни Apple авторитар тузумдаги Хитой ва Россия каби давлатлар билан ҳамкорлик қилишини маълум қилди. Шунингдек, прокурор авторитар тузумлар билан ҳамкорлик қилаётган Apple ўзи жойлашган АҚШга ёрдам беришни истамаётганини айтди.

Бутун бошли мамлакатларнинг хавфсизлик хизматлари бузиб киролмайдиган даражадаги ҳимоя тизимига эга iPhone фойдаланувчилари бу ҳолатда иккиланиб қолишди. Улар бир томондан ҳатто МРБ аппаратларини бузиб киролмаслигидан хурсанд бўлишса, бошқа томондан АҚШ бош прокурорининг Apple Россия ва Хитойга ишлашини айтгани бу мамлакатлар ва уларнинг таъсиридаги бошқа ҳудуддаги одамларни хавотирга солган бўлиши тайин. Ахир инсон учун энг асосий ҳуқуқлардан бири дахлсизлик, шундай эмасми?

Хуллас, барчаси ўтган йил 6 декабрь куни АҚШда содир этилган терактнинг тергов жараёнида бошланди. Флоридадаги ҳарбий денгиз кучларига тегишли базада отишма келтириб чиқарган жиноятчи воқеа жойида отиб ўлдирилади. Оқибатда калаванинг учини топиш қийинлашиб кетади. Табиийки, унинг телефони орқали нимагадир эришиш мумкин эди, лекин АҚШ махсус хизматлари террорчига тегишли iPhone’ни «бузиб кириб», ундаги маълумотларни олишолмайди. Телефонни очиб бериш сўрови билан Apple’га мурожаат қилиниб, рад жавоби олинади.

Уильям Барр
© AP Photo / Patrick Semansky

«Apple Хитой Коммунистик партияси, шунингдек, Россия режими билан ҳамкорлик қилади. Бу давлатларда маълумотларни қайта ишлаш марказларини жойлаштириб, уларга одамлар устида оммавий назорат ўрнатишга ёрдам беради.

Маълум бўлишича, Apple демократия тарафдорлари фойдаланган функцияларни ўчириш орқали цензура ва инсон ҳуқуқлари топталишига сабаб бўлган. Авторитар тузумлар билан ҳамкорлик қилаётган Apple каби компаниялар қонун устувор бўлган, инсонларнинг эркинлиги таъминланган, дахлсизлик ҳуқуқи бўлган ва суд кафолати мавжуд давлатлар билан (табиийки АҚШ назарда тутилмоқда) ишламаслик учун баҳона қидирмаслиги керак», деган АҚШ бош прокурори.

Можаро қандай кескинлашди?

Apple кўп йиллардан буён АҚШ ҳукумати билан ҳамкорлик қилишни ва iPhone’ларни бузиб кирувчи дастурни тақдим этишни рад этиб келади. Балки шунинг учундир АҚШда содир этилган жуда кўп теракт иштирокчилари айнан iPhone ишлатишган. Фойдаланувчилар хавфсизлиги учун бутун бошли АҚШ ҳукуматининг сўровини «безбетларча» рад эта олиши Apple’нинг хавфсизликни афзал кўрувчи одамлар орасида обрўси ва савдоси ошишига олиб келмоқда.