Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат органларидан маълумотларни йиғиш ва қайта ишлаш бўйича интеграциялашган ахборот тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан Давлат статистика қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда давлат идораларининг ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини интеграция қилиш орқали мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таҳлил қилиш, келгусида прогнозлаш ва давлат бошқарувида фойдаланиладиган маълумотларни шакллантириш имконини берувчи Давлат органлари маълумотларини йиғиш ва қайта ишлаш ахборот тизимини яратиш ва 2021 йил 1 июлдан бошлаб жорий этилади.

“Маълумотларни бошқариш” ахборот тизими яратиш ва жорий этиш лойиҳаси доирасида:

Иқтисодий тараққиёт вазирлиги – тизимнинг буюртмачиси этиб;

Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор UZINFOCOM” МЧЖ - ахборот тизимини ишлаб чиқиш, жорий этиш, доимий асосда уни узлуксиз ишлашини таъминлаш ҳамда такомиллаштириш бўйича оператори этиб белгиланади.

Бунда, “Маълумотларни бошқариш” ахборот тизими яратиш ва жорий этиш билан боғлиқ харажатлар Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан, ахборот тизимини қўллаб-қувватлаш ҳамда такомиллаштириш Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Иқтисодий тараққиёт вазирлиги Оператор билан биргаликда:

жорий йилнинг 1 сентябрига қадар “Маълумотларни бошқариш” ахборот тизимини яратиш бўйича лойиҳа-техник ҳужжатларни ишлаб чиқилишини ва ваколатли органларга экспертизадан ўтказиш учун киритилишини;

2021 йил 1 июлига қадар “Маълумотларни бошқариш” ахборот тизимини амалиётга босқичма-босқич жорий этилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

2020 йилда Иқтисодий тараққиёт вазирлигига унинг асослантирилган ҳисоб-китобларига мувофиқ “Маълумотларни бошқариш” ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш билан боғлиқ харажатларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси захира жамғармаси ҳисобидан зарур маблағларни;

2021 йилдан бошлаб ҳар йили мазкур ахборот тизимини қўллаб-қувватлаш ҳамда такомиллаштириш учун Иқтисодий тараққиёт вазирлиги тақдимномасига асосан зарур маблағларни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатлари параметрларида назарда тутган ҳолда ажратилишини таъминлайди.