Ўзбекистон | 12:59 / 23.05.2020
5119
2 дақиқада ўқилади

Электрон ва қоғоз шаклдаги ҳужжатнинг бир хил юридик кучга эгалигини нотариус тасдиқлайди

Сўз нотариал тасдиқланадиган аризалар, ижара шартномалари ва ишончномалар ҳақида бормоқда. Тегишли тартиб-таомил Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномада белгиланган.

2020 йил 1 январдан бошлаб нотариуслар ваколатлари кенгайтирилди. Энди улар:

медиатор вазифасини бажаради;

фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда судгача бўлган жараёнда далилларни таъминлайди;

муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объекти тақдим этилган вақтни тасдиқлайди;

электрон ҳужжатнинг қоғоз шаклидаги ҳужжат билан бир хил юридик кучга эга эканлигини тасдиқлайди.
 
Norma’нинг ёзишича, мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ бўлмаган ҳаракатларни амалга оширишда нотариал тартибда тасдиқланган электрон шаклдаги аризалар, ижара шартномалари ва ишончномаларнинг қоғоз шаклда тақдим этилган ҳужжатга мувофиқлигини тасдиқлайди.
 
Бунда тартиб-таомил ҳужжат унинг номидан тасдиқланган ёки унда тараф сифатида иштирок этган шахснинг мурожаатига асосан амалга оширилади. «Нотариус» тизимидаги нотариус бошқа нотариус томонидан тасдиқланган ҳужжатнинг файл кўринишини уни ноёб рақами (ёки бошқа шу каби маълумотлари) орқали электрон файл кўринишида ўтказиб олади. Нотариус томонидан ҳужжат қоғозга чиқариб олинганидан кейин унинг асл нусхаси билан бир хил юридик кучга эга эканлиги тўғрисида тасдиқловчи ёзув ёзиб қўйилади. Ҳужжатларнинг бир нусхаси мурожаат қилувчига берилади, иккинчи нусхаси нотариал идорада қолдирилади.
 
Қуйидагиларнинг бир хилдаги юридик кучга эга эканлиги тасдиқланмайди:

оддий ёзма шаклда амалга оширилган битимнинг электрон шакллари;

шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар қоғоз шаклдаги ҳужжатлар билан.
 
Ҳужжат 2.05.2020 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид