Хабар қилинишича, 32та тиббиёт муассасасида 932 нафар ходимга 19,6 млрд сўм миқдорида махсус рағбатлантириш пуллари тўлаш кечиктирилгани аниқланган.

Шундан 4,8 млрд сўмга яқин маблағ Тошкент шаҳридаги тиббиёт ходимларига ўз вақтида тўлаб берилмаган.

Тўловлар кечиши ҳолатлари вилоятларда ҳам кузатилган. Хоразм ва Андижон вилоятларида 1,7 млрд сўм тўланиши кечиккан бўлса, Самарқанд вилоятида 1,2 млрд сўмлик рағбатлантириш пули ўз вақтида берилмаган:

  • Қашқадарё вилоят Юқумли касалликлар шифохонаси вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази (СЭОМ)га ўз вақтида талабнома бермагани оқибатида, 21 нафар тиббиёт ходимига иккинчи 14 кунлик иш фаолияти учун 373,6 млн.сўм рағбатлантириш пуллари ўз вақтида тўланмагани аниқланиб, жойида бартараф этилган.
  • Самарқанд вилоят Юқумли касалликлари клиник шифохонаси томонидан тиббиёт ходимларига рағбатлантириш пуллари учун талабнома юборилган бўлса-да, вилоят СЭОМ ўрнатилган тартибда тиббиёт ходимлари рўйхатини тасдиқлаб, маблағ ажратишга талабномани вилоят молия бош бошқармасига тақдим этмагани оқибатида 61 нафар тиббиёт ходимига 1,2 млрд.сўм рағбатлантириш пуллари тўланиши кечиккан. Кўрилган чоралар натижасида пуллар тўлиқ тўлаб берилган.
  • Хоразм вилоят СЭОМга 9та соғлиқни сақлаш муассасаси томонидан 6 май куни ходимларга рағбатлантириш пули учун талабномалар берилган бўлса-да, вилоят СЭОМ тиббиёт ходимлари рўйхати ва зарур маблағ 1,7 млрд.сўм учун талабномаларни шакллантирмагани оқибатида рағбатлантириш пули учун маблағ ўз вақтида молиялаштирилмаган.
  • Андижон вилоят Юқумли касалликлар шифохонаси масъуллари бошқа тиббиёт муассасаларидан жалб этилган тиббиёт ходимларига ишлаган кунлари учун табелларни тақдим этмагани оқибатида 80 нафар тиббиёт ходимига 1 711,7 млн.сўм рағбатлантириш пуллари ўз вақтида тўланмасдан қолган.